Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Арафа куни Жума кунига тўғри келса, рўза тутаманми?

 
 

Дарҳақиқат, бу йил Арафа куни Жума кунига мувофиқ келмоқда. Кўпчилик мусулмонларда "Жума куни рўза тутсам бўладими?", деган савол туғилаётгани табиий. Мусулмонлар ушбу муборак кунда рўза тутиш ва Аллоҳ таолога яқинлик ҳис қилишга жуда иштиёқманддирлар. Ҳадиси шарифда шундай келади: Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан" (Имом Муслим ривояти). Дарҳақиқат, Арафа куни рўзасини тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бажарган суннатлари, ҳамда ҳадисларида рўза тутишликка ундаган тавсияларидир. Зул-ҳижжа ойининг тўққизинчи кунида Арафа рўзасини тутиш икки йил учун каффорат бўлади: ўтган йил ва келаси йил учун.

"Азҳари шариф" фатво ҳайъатининг электрон марказининг хабар беришича, Жума куни Арафа кунига тўғри келадиган бўлса, у кунда рўза тутиш ҳеч қандай кароҳиятсиз жоиздир. Шунингдек, мусулмон кишининг одатига айланган нафл рўзаси ҳам ушбу кунга тўғри келадиган бўлса, рўза тутиш жоиз бўлади. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Жума кунини рўза тутиш учун хослаш макруҳдир. Бироқ, одатига айланган рўзасига тўғри келса, масалан, бир кун рўза тутиб, бир кун оғиз очадиган кишининг рўзаси Жума кунига тўғри келса, шунингдек ҳар ойнинг аввалида рўза тутишга одатланган кишининг рўзаси ушбу кунга тўғри келса, у кунда рўза тутиш жоиздир".

Жумҳур уламолар рўза тутишликка бирор сабаб топиладиган бўлса, Жума куни рўза тутиш мумкин эканлигини таъкидлашадилар. Бу йил Арафа куни Жума кунига тўғри келганлиги боис, бу кунда рўза тутишнинг фазилати улкан бўлади. Ушбу кунда рўза тутишнинг ҳеч қандай кароҳияти йўқ.

Аллоҳ таоло ушбу кунда тутган рўзаларимизни олдинги ва кейинги йиллар учун каффорат қилсин! Қиладиган бошқа солиҳ амалларимизни савобини улкан қилиб берсин!

 

Хайруллоҳ домла Саттаров   - Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари


Киритилган вақти: 07/07/2022 17:17;   Кўрилганлиги: 61
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/arafa-kuni-juma-kuniga-togri-kelsa-roza-tutamanmi
Чоп этилган вақт: 10/08/2022 08:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг