Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Анор ҳақида

 
 

Анор меваси табобатда ўзининг шифобахш дори экани билан барчамизга маълум ва машҳур. Табобатда унинг фойдалари ҳақида кўплаб маълумотлар учратишимиз мумкин. Анор ҳақида Қуръони карим ва ҳадиси шарифда қандай маълумот келган? Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ар-Роҳман сурасида шундай марҳамат қилади:

 فِيهِمَا فَاكِهَةٌ وَنَخْلٌ وَرُمَّانٌ

“У иккисида (яъни, икки жаннатда) мевалар, хурмо ва анорлар бордир” (8-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло хурмо ва анор мевасини мевалардан алоҳида ажратиб зикр қилди. Сабаби бу икки меванинг қолганларидан фазилати ўзгача ҳисобланади. Имом Замахшарий “Ал-Кашшоф” асарида қуйидаги маълумотни келтирадилар: “Хурмо мева ва таом ҳисобланади. Анор эса мева ва дори ҳисобланади. Улар оддийгина мева эмас. Шунинг учун ҳам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ “Бир киши мева емайман, деб қасам ичса ва анор ёки хурмо ейдиган бўлса, қасамхўр бўлмайди”, деган масалани чиқарганлар”.

Бундан ташқари Қуръони каримнинг Анъом сурасида иккита жойда анорнинг зикри келган:

مِّنۡ أَعۡنَابࣲ وَٱلزَّیۡتُونَ وَٱلرُّمَّانَ مُشۡتَبِهࣰا وَغَیۡرَ مُتَشَـٰبِهٍۗ

“Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз” (99-оят).

وَٱلزَّیۡتُونَ وَٱلرُّمَّانَ مُتَشَـٰبِهࣰا وَغَیۡرَ مُتَشَـٰبِهࣲۚ

“…зайтун ва анорларни бир-бирига ўхшатиб ва ўхшатмай пайдо қилган…” (141-оят).

Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг “Муснад” асарларида Алий розияллоҳу анҳунинг шундай деганлари зикр қилинган: “Анорни пўстлоғи билан енглар. Чунки, у ошқозонни тозалайди”. Уламолар ушбу асарни ҳасан даражасида эканини айтишган.

Анорнинг фазилати ва бошқа мевалардан афзаллиги барчага маълум бўлишига қарамасдан, баъзи тоифалар томонидан унинг фазилати ҳақида ёлғон ҳадислар тўқилгани жуда ачинарли ҳолат. “Ким анор ейдиган бўлса, унинг қалбини қирқ кун мунаввар қилади”, “Ким анорнинг бир донасини танаввул қилса, шайтон васавасасидан шифо топади” ва “Ким бир дона анор еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини қирқ кунга мунаввар қилиб қўяди” каби тўқима ҳадислар одамлар орасида учраб туради. Бундай ёлғон маълумотларга алданиб қолмаслик лозим. Яна шуни таъкидлаш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқишлик катта гуноҳлардан ҳисбланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деб айтганлар: “Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом бўлишимизни насиб айласин!



Хайруллоҳ домла Сатторов - Самарқанд вилояти бош имом-хатиб ўринбосари 


Киритилган вақти: 21/08/2021 14:04;   Кўрилганлиги: 954
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/anor-haqida
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 19:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг