Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Амир Темур томонидан масжид-мақбарага совға қилинган шамдонлар

 
 

Ватанимиз тарихидаги 31 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1907 йил (бундан 114 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори девонхонаси бошлиғи Тошкент шаҳар ҳокимига махфий хат йўллади. Унда шаҳар ҳокимига шахсан императорнинг топшириғини тушунтирилган эди. Унга кўра, Аҳмад Яссавий масжиди шайхлари билан мазкур масжид-мақбарага Амир Темур томонидан совға қилинган, ўша вақтда олтитадан бештаси мавжуд бўлган бронза шамдонларни Петербургдаги Эрмитаж музейига бериш тўғрисида музокара олиб борадиган эътиборли ва ишончли маҳаллий вакилни тавсия этишни сўради.

Амир Темур туҳфа қилган мазкур қимматбаҳо шамдонлар нодир санъат асарларидир. Шамдонлар жуда гўзал шаклда, санъаткорона, нозик ишланган. Бир қисми олтин суви билан безалган. Шунинг учун ҳам бу қимматбаҳо санъат асарларини Россиянинг сўнгги императори Николай Иккинчи Эрмитажra олиб келишни Император археология ҳайъати раисига маслаҳат берган эди. Император Археология ҳайъатининг раиси граф А.Бобринский эса Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарувчи Н.Гродековга хат ёзиб императорнинг кўрсатмасини етказган.

Бу масала билан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг топшириғига асосан шаҳар полицияси бошлиғи шуғулланди. Унинг 1907 йил 16 февралда берган маълумотигa кўра, Аҳмад Яссавий масжидидаги шамдонларни сотиб олиш бўйича музокара олиб боришга Шайхонтоҳур қозилигига номзод Эшонхон Маҳмудхўжаев рози бўлган. Бироқ туркистонлик шайхлар узоқ давом этган тазйиқларга қарамай, шамдонларни сотиш мумкин эмаслигини айтганлар ва уларни ўша вақтда қаттиқ ҳимоя қилганлар. Аммо кейинчалик шамдонлар мақбарадан олиб кетилди.

1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Халқ Комиссарлар Советининг қарори билан Россияда, шу жумладан Туркистон ўлкасида хам, 1918 йил 31 январь юлий тақвимининг охирги куни – 1918 йил 14 февраль григорий тақвимининг биринчи куни деб қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, 1918 йилнинг 31 январи тугагач, бирдан 14 февраль бошланиши керак эди ва шундай бўлди.

2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан Олмалиқ шаҳрининг 2035 йилгача, Ангрен шаҳрининг 2032 йилгача, Чирчиқ шаҳрининг 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режалари тасдиқланди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади


Киритилган вақти: 03/02/2021 10:48;   Кўрилганлиги: 622
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/amir-temur-tomonidan-masjid-maqbaraga-sovga-qilingan-shamdonlar
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 00:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг