Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

АМАЛИМИЗ БИЗНИ ЖАННАТДАН ОРҚАГА ТОРТСА НАСАБИМИЗ ЖАННАТГА КИРГИЗА ОЛМАЙДИ

 
 

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : ( من نفس عن مؤمن كربة من كرب الدنيا ، نفس الله عنه كربة من كرب يوم القيامة ، ومن يسر على معسر ، يسر الله عليه في الدنيا والآخرة ، ومن ستر مؤمنا ستره الله في الدنيا والآخرة ، والله في عون العبد ما كان العبد في عون أخيه ، ومن سلك طريقا يلتمس فيه علما ، سهل الله له به طريقا إلى الجنة ، وما اجتمع قوم في بيت من بيوت الله يتلون كتاب الله ويتدارسونه بينهم ، إلا نزلت عليهم السكينة ، وغشيتهم الرحمة ، وحفتهم الملائكة ، وذكرهم الله فيمن عنده ، ومن بطأ به عمله ، لم يسرع به نسبه ) رواه مسلم .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дуёю охират ишларини енгиллатади.

Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дуёю охиратда беркитади. Модомоки банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади. Кимнинг амали орқага сурса, уни насаби олдинга сура олмайди", дедилар" Имом Муслим, Имом Тэрмизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисни барчамиз ўрганиб амал қилишимиз лозим. Чунки мўмин мусулмонларнинг ўртасидан меҳр оқибат кўтарилиб, одамлар ўз манфаатлари учун бошқаларнинг зарар кўриши ва озор чекишидан, ёки ўзи сабабли бошқалар оғир бир машаққатга йўлиқишидан қўрқмай бораётган бир пайтда ушбу ҳадиси шарифга кўпроқ муҳтожмиз.

Бир камбағалга ёрдам кўрсатганимиз сабабли Аллоҳ бизнинг дунё ва охират ишларимизни енгил қилса, нима учун биз бундай имкониятдан фойдаланмаслигимиз кэрак?

Барчамизни, айбимиз, хато ва гуноҳларимиз бор бўлатуриб, ўзгаларнинг хато ва айбларини кечириш ва беркитиш ўрнига оммага ошкор қилишимиз ушбу ҳадисга мутлақо тўғри келмайди.

Аллоҳ талоло бизга ёрдам беришини хоҳлар эканмиз, биз ҳам бошқаларга ёрдам беришни унутмаслигимиз зарур.

Жаннат йўлида бўлишни хоҳлар эканмиз, илм олишни ва унга амал қилишни унутмайлик, энг асосийси ўзимиз аниқ билмаган нарсалар ҳақида турли фикрларни билдирмайлик.

Қурьони каримни ўқиб ўрганайлик, масжидларда жамоат билан бирга бўлайлик, жамоатдан ажралиб ўзгача амал қилишдан сақланайлик. Жамоатдан ажралсак, мусулмонлар ўртасига тафриқа солсак, инсонларга ҳам динимизга ҳам ўзимизга ва охиратимизга ҳам зарар етказган бўламиз.

АМАЛИМИЗ БИЗНИ ЖАННАТДАН ОРҚАГА ТОРТСА НАСАБИМИЗ ЖАННАТГА КИРГИЗА ОЛМАЙДИ

Ризаев Ўлмасжон Каттақўрғон тумани "Кошон ота" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 17/01/2024 08:55;   Кўрилганлиги: 332
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/amalimiz-bizni-jannatdan-orqaga-tortsa-nasabimiz-jannatga-kirgiza-olmaydi
Чоп этилган вақт: 01/03/2024 16:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг