Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Аллоҳнинг розилиги жаннатдан афзалдир.

 
 

Аллоҳнинг розилиги жаннатдан афзалдир. Жаннат аҳлининг Аллоҳ таолони кўриши энг катта неъмат экани ҳақида Суҳайбдан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Жаннат аҳли жаннатга киргач, Аллоҳ таборака ва таоло: "Сизларга яна бир нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми?" деб сўрайди. Улар: "Юзимизни ёруғ қилмадингми? Жаннатга киргизмадингми? Бизга дўзахдан нажот бермадингми?" дейишади. Шунда парда очилади, бас, уларга Парвардигорлари азза ва жаллани кўришдан ҳам суюклироқ бирор нарса берилмайди". Бошқа ривоятда: "Сўнг ушбу:"Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир"(Юнус, 26), оятини ўқидилар", дейилади. (Муслим ривояти).

Абу Довуд Таёлисий ҳам бу ҳадисни тахриж қилган: Суҳайб розияллоху анху айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоқу алайҳи ва саллам: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир", оятини тиловат қилиб дедилар: "Жаннат аҳли жаннатга кирса, нидо қилгувчи: "Эй аҳли жаннат, сизлар учун Аллоҳ таолонинг хузурида ваъда бор", деб нидо қилади. Улар: "У нима экан? Дарҳақиқат, юзимизни ёруғ, мезонимизни оғир қилиб, бизни жаннатга киргизди-ку?" дейишади. Бу уларга уч марта айтилади. Сўнг Аллоҳ таборака ва таоло уларга тажаллий қилади, бас, улар Унга қарайдилар. Бу нарса уларнинг ҳузурида берилган нарсаларнинг энг улуғи бўлади".

Имом Аҳмад ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламдан: "Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли оқибат ва зиёда неъматлар бордир", ояти ҳақида сўрашди, бас, айтдилар: "Дунёда чиройли амал қилтан зотлар учун чиройли оқибат — жаннатдир, зиёда неъмат эса Аллоҳ таолонинг жамолига қараш".

Жаннат аҳлига Аллоҳ таолонинг саломи ҳақида Жобир розияллоху анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалам айтдилар: "Жаннат аҳли ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ, устларида бир нур пайдо бўлади. Шунда Аллоҳ таоло: "Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат", дейди. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг: "(Уларга) меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур" (Ёсин, 58), деган сўзининг тасдиғидир. Уни кўрганларида жаннатнинг барча неъматларини унутадилар, токи тўсилгунича шундай бўлади. Қачон Аллоҳ улардан тўсилса, Унинг нури ва баракоти улар билан қолади".

"Баногоҳ устиларида..." деган сўздан мурод Аллоҳнинг олийлигидир. Зеро, Аллоҳ таоло жой ва манзилдан иборат макон билан сифатланмайди. У олийлик ва улуғлик жиҳатидан сифатланади. "Уни кўрганларида, жаннатнинг барча неъматларни унутадилар", деганида Аллоҳнинг жамолига қараш лаззати билан машғул бўлиб қолишлари тушунилади. Чунки Унинг жамолини кўришдан афзал нарса йўқ, Аллоҳ таолонинг тажаллисига ҳеч нарса баробар бўла олмайди. Агарда Аллоҳ таоло уларни собит ва боқий қилмаганида эди, уларга ҳам тоғ билан содир бўлган нарса воқеъ бўлур эди.

Зеро, Аллоҳ таоло тоққа тажаллий қилган пайтда, у парча-парча бўлиб, қумга айланиб кетган эди.

"Қачон Аллоҳ улардан тўсилса", деганининг маъноси, Аллоҳ уларни унутиб қўйган жаннат неъматларига қайтарса ва улар яна ўзларига ваъда қилинган неъматлар ичида бўлиб, тайёрлаб қўйилган нарсалардан ором олишда давом этсалар, деганидир. Бироқ бу, улардан ғойиб бўлса, улар Аллоҳни яна унутади ва кўришдан тўсилиб, жаннат неъматлари билангина кифояланадилар, дегани эмас. Аллоҳ таоло уларни унутган нарсаларига қайтаради, айни пайтда уларни бошқа кўриб бўлмайдиган қилиб тўсмайди. Бунга ҳадисдаги: "Унинг нури ва баракоти улар билан қолади", деган жумла далолат қилади.

Аллоҳ таолони жамолини кўришлик барчамизга насиб қилсин!

Нуримова Дилшода – Иштихон туман отинойиси


Киритилган вақти: 21/02/2022 08:14;   Кўрилганлиги: 920
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/allohning-roziligi-jannatdan-afzaldir
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 07:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг