Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир
Аллоҳ таоло Сод сурасида марҳамат қилади:
«Бас, уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб, йиқилинглар!»(72-оят).
Ҳа, Аллоҳ таоло лойга Ўз руҳидан пуфлаб, уни олий мақомга кўтарди. Айнан ана шу руҳ уни бошқа жонзотлардан ажратди, уларнинг ҳаммасидан устун қилди. Айнан ўша руҳ Одамга фаришталар сажда қилишлари учун сабаб бўлди.
Инсон зотининг ердан чиққан танасига олий мақомдан руҳ тушгандир. Буни барча уламолар, жумладан, машҳур файласуф Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг руҳ ҳақида битган машҳур шеърида таъкидлаган:
Тушибдир у сенга юқори макондин,
Иззатли ва ман қилувчи баланддин.
Аллоҳ таолога нисбат берилган ва олий макондан тушган ўша руҳ турли машғул қилувчилардан бўш бўлган, ағёрларнинг муҳаббатидан пок бўлган қалбга тушса, ундан турли-туман сирлар ва маърифатларни қабул қилиши жуда ҳам осон кечади. Бу каби сирлар ва маърифатларни ўрганиш ила идрок қилиш ва фикрий уринишлар билан ҳосил қилиш имкони йўқдир.
Албатта, бу ҳолат қалби пок, Аллоҳ таолога муҳаббати зиёда, қалбида У Зотнинг муҳаббатидан ўзганинг муҳаббатига жой қолмаган етук бандаларда содир бўлади. Чунки уларнинг ҳоли айни шунга муносибдир.
Агар банданинг қалби нопок бўлса, Аллоҳ таолога муҳаббати бўлмаса, ағёрларнинг муҳаббати қалбини тўлдириб, бошқа нарсанинг муҳаббатига жой қолдирмаган бўлса, мазкур ҳолатга йўл бўлсин...
Уларнинг ҳоли маст қилувчи моддаларга тўйиб олиб, ақли тўсилиб, маст-алас бўлган одамга ўхшайди. Ундай одамнинг ақли жойида бўлмайди. Жиннига ўхшаб қолади. Нима деяётганини ва қилаётганини ўзи билмайди. Худди шунингдек, қалби дунё ва унинг матоҳлари билан, шаҳват ва ағёрлар муҳаббати билан маст бўлиб қолган нобакорга мазкур олий мақомдан тушган руҳга насиб қиладиган сирлар ва маърифатларни қабул қилишга йўл бўлсин.
Юқорида айтиб ўтилган ҳақиқатлар Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу биз ўрганаётган ҳикмати маъносини яхши тушуниб олишимизга ёрдам беради.
«Қалбингни ағёрлардан фориғ қилгин, У Зот уни маърифатлар ва асрорлар ила тўлдирур».
Шунинг учун ҳам ўтмишда юқорида зикр қилинган Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишига ўхшаш қалбини ағёрлардан фориғ қилган олимларимиз ўзлари баҳс қилаётган илмий масалалардан бирортасини ечиш қийинлашиб қолса, ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб, яхшилаб таҳорат қилганлар. Сўнгра жойнамозда туриб, ихлос билан икки ракаат ёки ундан зиёда намоз ўқиганлар. Кейин Аллоҳ таолога илтижо қилиб, масалани ечишда ёрдам сўраб дуо қилганлар. Шу билан ишлари битган, масала ечилган ва мурод ҳосил бўлган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳақиқатларни идрок қилиш ва илм ва маърифатнинг чўққиларини эгаллаш учун ақл хизмат қилади. Аммо Аллоҳ таоло ҳақида маърифат ҳосил қилиш ҳамда бошқа иймоний ва ғайбий маърифатларни эгаллаш учун ақлнинг ўзи кифоя қилмайди. Мазкур нарсаларни билиш учун илоҳий илҳом нури ҳам керак. Бу нур эса қалбда акс этади. Мазкур нур қалбда акс этиши учун эса қалб турли моғорлардан ва ағёрлар муҳаббатидан пок бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:
«Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас»(40-оят).
Чунки Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир. Шунинг учун Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқлар қат-қат зулматлар остида қолган киши кабидирлар.
Аллоҳ таоло барчамизга қалбимизни ағёрлардан фориғ қилишни ва У Зот уни маърифатлар ва асрорлар ила тўлдиришини насиб этсин!
Болибекова Дилноза – Иштихон туман отинойиси
Киритилган вақти: 21/02/2022 08:31; Кўрилганлиги: 932
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:48