Аллоҳдан қўрқувчи энг тақводорлар савдогарлар бўлиши керак....
Инсоният борки савдо-сотиқ бор, халқлар ўртасида ўзаро олди-берди муносабатлари мавжуд. Албатта, бошқа касблар қатори тижорат билан шуғулланувчилар ҳам бу касбни сиру синоатини, шаръий ҳукмларини билмоғи лозим.
Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга тарғиб қилади. Бу муносабатлар ичида савдо-сотиқ алоҳида аҳамиятга эга. Маълумки, ислом бир нарсани ҳаром қилса, унинг муқобилига ҳалол нарсани ҳам тақдим этган. Жумладан, рибони ҳаром қилган бўлса, тижоратни ҳалол қилган. Агар тижоратчи тўғри савдо-сотиқ қилса, бу касб ниҳоятда шарафли касбдир. Абу Саид розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгуй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” дедилар. Бу мақомга эришмоқлик учун ҳар бир тижоратчи савдо-сотиқдаги шаръий ҳукмларни билмоғи лозим.
Ўз даврида Умар розияллоҳу анҳу савдогарлардан ўз касбларининг шаръий ҳукмларини билмоқликларини қатъий талаб қилганлар. Гоҳида баъзи бир савдогарлар арзимаган пул учун виждонини сотаётгани, Аллоҳ таолонинг номини ўртага қўйиб, ёлғон қасам ичаётганига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун тижорат билан шуғулланаётган кишилар аввало тақво йўлини тутмоқликлари, Яратганнинг номини ўртага қўйиб, ёлғон қасам ичишдан эҳтиёт бўлмоқликлари лозимдир.
Яқинда Аҳадқули Холмуҳаммад ўғли қаламига мансуб “Ҳақиқий омад калити ёхуд савдогарлар устози” номли китобни ўқидим. Бу рисолада зикр қилинган савдогарлар устози Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий ҳақларида сўз боради. Ушбу китобдан бугунги тижоратчиларимиз учун бази бир ўринларни келтириб ўтмоқчиман.
Абдуллоҳнинг отаси Муборак ўғлини сафарга кузатаётиб “Савдогарликни обрўйингни сақлаш, сахийлик қилиб, илм аҳлига ёрдам беришинг ва фақирлар мушкулини осон қилишинг учун касб қил” деган насиҳатига амал қилиши сабабидан катта мулк эгаси бўлди. Демак, ҳар қандай хайрли ишни бошлашда ният тўғри бўлмоғи, фақатгина ўз манфаатини эмас, балки халқ манфаати ва жамият ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқликни ният қилиши лозим экан.
Китобда Абдуллоҳ ибн Муборакка Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ диний илмда ҳам, тижорат илмида ҳам устозлик қилганлари ҳақида ҳам маълумот келтирилади. Бир куни Абдуллоҳни ёнларига чақириб дедилар: “Она дуо қўрғони, мен онамнинг дуоси билан шу даражага етганман. Сизлар ҳам фурсат бўлди дегунча уларнинг ёнларига шошилинглар, хизматини қилинглар, омонат дунёда омон бўласизлар. Ота-онангизга пул ажратиб туринглар, бу барака омилидир. Тижоратингиз шу сабабдан баракали бўлади. Холидан хабар олинглар, жаннат эшиклари очилади. Яна бир ўгитимни қалбингизга муҳрлаб олинг. Ҳеч қачон бировнинг иложсизлигидан ёки халқни ноиложлигидан фойдаланиб дунё орттирманг”.
Яна айтишадики, устоз билан сўнги бор учрашганимизда (Имоми Аъзам ҳазратлари назарда тутилмоқда) бизларга қуйидаги ўгитларни берганди: “Молни айбини айтиб сотинг, савдо иши тақводан айро бўлмасин, тижоратингиз намозга ҳалал бермасин, рибога аралашманг. Замонни яхши англанг ва шунга мос ҳаракат қилинг. Ва яна шунга ўхшаш насиҳатлар қилди.
Бугунги кун тижоратчиси ҳам ўзига ҳалолликни ва тақвони шиор қилиб олса, албатта, савдосида барака, ҳаётида мазмун бўлади, иншаоллоҳ. Мен савдо билан шуғулланаётган барча биродарларимизга ушбу “Ҳақиқий омад калити ёхуд Савдогарлар устози” китобини бир бора бўлса ҳам ўқиб чиқмоқлигини тавсия қилган бўлардим. Рисолани ўқиган ҳар бир китобхон Абдуллоҳ ибн Муборак тимсолида савдо-сотиқ ишларида ростгўй ва диёнатли бир кишининг сиймоси билан юзлашади.
Илҳомжон МАРДИЕВ,
Булунғур тумани "Исори-Ўроқли" масжиди имоми-ноиби
Киритилган вақти: 14/09/2023 15:54; Кўрилганлиги: 760
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 06:38