АЛЛОҲ ВАЪДАСИГА ХИЛОФ ҚИЛМАЙДИ
Жаброил алайҳис салом Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан кундузи маълум вақтда учрашишга ваъдалашдилар. Аммо ўша вақт келганида келмадилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларида асо бор эди. Асони ирғитиб юбориб дедилар:
“Аллоҳ ва Унинг элчилари ваъдасига хилоф қилишмайди!”.
Сўнгра уёқ-буёққа қарадилар. Ўриндиқлари остида кичкина кучукча бор экан. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-Эй Оиша! Бу кучукча қачон кириб қолди бу ерга?
-Аллоҳга қасамки, билмайман.
Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вас саллам кучукчани олиб чиқиб ташлашни буюрдилар.Уни ташқарига олиб чиқиб ташлашди.
Жаброил алайҳис салом келганларида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам у зотга дедилар:
-Менга ваъда берган эдингиз, сизни кутдим, келмадингиз?!
Жаброил алайҳис салом:
-Уйингиздаги кучук мени киришдан ман қилди. Биз ит ва сурат бор бўлган уйларга кирмаймиз!
Итнинг нималиги маълум. Жони бор нарсаларнинг сурати ва ҳайкаллар ҳам динимизда ман қилинган. Асрдош уламоларимизнинг кўпчилиги фотографияни жоиз дейишади.
Аммо бизнинг мақсадимиз бугун булар эмас. Биз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ ва Унинг элчилари ваъдасига хилоф қилмайди!”, деган гапларига бироз тўхталмоқчимиз.
Жаброил алайҳис салом кечикканларида Набий алайҳис салом аввало уйларини текширдилар. Кичкина кучукчани кўриб қолиб, уни уйдан чиқариб ташлашни амр қилдилар. Биз Аллоҳга ана шунақанги ишонч билан муомала қилишимиз керак: Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди!
Аллоҳ таоло “Агар шукр қилсанглар Мен албатта сизга зиёда қиламан!”, деса бунинг шартли ваъда эканлигига ишонинг. Бунинг боши сизда, охири эса ваъдасига хилоф қилмайдиган Аллоҳнинг ҳузуридадир. Сиз неъматга шукр қилиб борганингиз сари Аллоҳ неъматини сизга зиёда қилиб боради. Бу қайтилмайдиган ваъдадир. Бу тўсилмайдиган қадардир. Шукр тил ва аъзолар билан бўлади. Тил Аллоҳга ҳамд айтади, аъзолар эса амал қилади.
Мол эгасининг шукри садақа ва инфоқ қилишдир. Олимнинг шукри илмини Аллоҳнинг ризоси учун ўргатишдир. Мансабдорнинг шукри адолат қилишидир. Кучли инсоннинг шукри заифлар манфаати учун ҳаракат қилишдир.
Агар Аллоҳ таоло “Мени зикр қилинглар, Мен ҳам сизларни зикр қиламан!”, деса буни ишончла ҳис қилинг. Бу иш албатта содир бўлишига ишонинг. Агар сиз Аллоҳнинг ичингизда зикр қилсангиз Аллоҳ ҳам сизни ҳеч кимга билдирмасдан зикр қилади. Агар сиз Аллоҳни одаларнинг ичида зикр қилсангиз У ҳам сизни фаришталарининг ичида зикр қилади. Зикрнинг кўпи тил орқали бўлсада, мавқифлар ҳам зикрдир. Гуноҳ қилаётганингизда Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис қилишингиз ва гуноҳдан қайтишингиз ҳам зикрдир!
Агар Аллоҳ таоло “Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан!”, деса ижобат қилишига ишониб туриб дуо қилинг. Аллоҳнинг ижобатини синаб кўриш учун дуо қилманг. Аллоҳга нисбатан одобда туриш ҳам дуонинг бир қисми ҳисобланади. Шуни билингки, агар Аллоҳ сизни ижобатдан маҳрум қилса, У сизга зарурроқ нарсани бериш учун ман қилаяпти. Аллоҳ ҳар қандай мисолдан олий, аммо тушунтириш учун айтамизки, ота-она ўз гўдагининг уйнинг бир бурчагида турган турли рангдаги дориларни олиб оғзига солаётганини кўрса дарров у дориларни ундан тортиб олади. Чунки бу дорилар унга зарарлида!
Агар Аллоҳ таоло “Модомики улар истиғфор айтишар экан Аллоҳ уларни азоб бергувчи бўлмас”, деса ишонинг, истиғфор Аллоҳнинг ғоридир. Унга кирган киши Аллоҳнинг азобидан омонда бўлади. Касаллик, фақирлик ва хавф азоб эмас. Анбиёлар ҳам бемор бўлишган. Айюб алайҳис салом сиздан узоқ эмас. Расуллар ҳам фақир бўлишган. Бир неча кунлар ўтсада Набий алайҳис саломнинг уйларида бир дона хурмо бўлмас эди. Пайғамбарлар ҳам қўрқишган. Сеҳргарлар асоларини ташлашганда Мусо алайҳис салом ичларида қўрқувни ҳис қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Қўрқма! Сен устунсан!”, деган эди!
Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов
Киритилган вақти: 30/12/2021 08:13; Кўрилганлиги: 1055
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:34