Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

АЛЛОҲ ТАОЛОГА МАКОН ТАЙИН ҚИЛИШ АҚИЙДАДА АДАШИШДИР!

 
 

Ақидатут-Таҳовияда, "У Зот чегаралардан, ниҳоялардан, арконлардан, аъзо ва асбоблардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф ўрай олмас." дейилган.
"У Зот чегаралардан олийдир", яъни Аллоҳ таоло Уни бирортаси ўз чегараси билан иҳота қилишидан олий
экани таъкидланмоқда. Чунки У Зот Ўз махлуқотларидан ажралиб туради, улардан тамоман ўзгачадир.

"Ниҳоялар"дан мурод жисмларга хос бўлган тугаш нуқталаридир. Аллоҳ таоло нарсаларнинг ҳақиқатини баён қилувчи чегаралар иҳотасидан ҳам олий бўлганидек, ниҳояларнинг иҳотасидан ҳам олийдир. Чунки жисмнинг ниҳояси сатҳдир. Сатҳнинг ниҳояси чизиқдир. Чизиқнинг ниҳояси нуқтадир. Бу нарсаларнинг ҳаммаси жисмларга хосдир. Аллоҳ таолони чегара ёки ниҳоянинг баёни билан таниб бўлмайди. У Зотни сифатларидан, афъолларидан ва пайғамбарларнинг баёнидан танилади. Шунингдек Аллоҳ таоло аркон, аъзо ва асбоблардан ҳам олийдир.
"Арконлар"дан олийлига келсак, рукн моҳиятининг бир бўлагидир. Аллоҳ таоло эса яккаю ёлғиздир, бўлакларга бўлинмас.
" Аъзолар"дан олийлига келсак, унда ҳам бўлиниш, парчаланиш маъноси бордир. Аллоҳ таоло бундай нарсалардан олийдир.
"Асбоб" эса манфаат топиш ёки зарарни даф қилиш учун ишлатиладиган нарсадир. Бу маънони ҳеч қачон Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиб бўлмайди.
Шунингдек, Аллоҳ таолони ўнг, чап, уст, ост, олд ва ортдан иборат олти тараф ҳам иҳота қила олмайди. Аллоҳ таолони махлуқотлардан ҳеч бири иҳота қила олмайди ва чагаралай олмайди. Олти тараф хоҳ нисбий, хоҳ ҳақиқий маънода бўлсин, махлуқотларга хос нарсадир.
Аммо уст ҳақида гап кетганда, макон эътибори ила гап кетадиган бўлса, Аллоҳ таоло бундан покдир. Агар мартаба, устунлик ҳақида гап кетадиган бўлса, у маънони Аллоҳдан рад қилиш нотўғридир. Чунки У Зот мартаба жиҳитидан оламнинг ҳаммасидан устундир.
Аллоҳ таоло Уни махлуқотларидан бирор нарса иҳота қилишидан ва бирор нарсага муҳтож бўлишидан покдир.
Аллоҳ таолони "осмонда" деб, исбот қилишга уринаётган тоифалар Аллоҳ таолога нисбатан нотўғри нисбат бериб, ақидада адашмоқда.


Назаров Анвар Каттақўрғон шаҳар "Муҳаммад Нақиббек" масжиди имом-хатиби (Манбалар асосида)


Киритилган вақти: 12/11/2021 06:45;   Кўрилганлиги: 978
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/alloh-taologa-makon-tayin-qilish-aqiydada-adashishdir
Чоп этилган вақт: 10/10/2025 00:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг