Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

15. Савол: У зотнинг (Пайғамбар соллаллоҳи алайҳи васаллам) кўп уйланишида хусусан кандай сабаб ва ҳикматлар бўлган?

 
 

Жавоб: 1. Ўша даврда мавжуд бўлган чекланмаган кўпхотинлиликни Ислом дини 4 тагача чеклаб куйди. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни бошқа Ҳукмга буюрди. Бунинг кўплаб сабабларидан бири: у зот Аллоҳдан янги дин келтирган эди. Бу диннинг ҳукмлари орасида аёлларнинг махсус ҳолатларига тааллукли (ҳайз, нифос, истиҳоза каби) ҳукмлар хам бор эди. Расулуллоҳ бу ҳукмларни номаҳрам аёлларга батафсил айтолмасди, лекин айтиши зарур эди. Шу сабабдан Аллоҳнинг амри билан кўп аёлга уйланди.

2. Пайғамбаримиз динга даъватни бошлагач, у зотга мушриклар томонидан кўп азиятлар етказиларди. Исломни қабул қилган кишининг ҳимояси бўлмаса, мушриклар уни турли азобга гирифтор қилишарди. Баъзан муслима аёл бошига бевалик тушса ёки бир мушрикнинг хотини ё синглиси исломни қабул қилса, ҳимоясиз қоларди. Шуларни муҳофаза қилиш учун Пайгамбаримиз ўшаларнинг ризолиги билан баъзан саҳобаларга никоҳлаб берарди, баъзан ўзи уйланарди. 

3. Хотинларининг ҳаммаси турли қабилалардан бўлгани туфайли қабилалар ва уларнинг раислари орасида қариндошлик ришталари боғланди, ўзаро муҳаббат ва алоқага йўл очилди. Ҳар қабила Пайгамбаримизни ўзидан деб биларди ва унга қаттиқ боғланарди. Турли қабиладан Расулуллоҳга хотин бўлган аёллар у киши ҳаётлигида ҳам, вафотидан кейин ҳам муҳим диний хизматларга васила бўлишди. Бу барча араб қабилаларини бирлаштиришдаги энг кучли сиёсий омиллардан эди. Маҳзун ўғиллари Умму Салама (р.а.) воситаси сабаб-боис, умавийлар Умму Ҳабиба (р.а.) воситасида, ҳошимийлар Зайнаб бинти Жаҳш (р.а.) воситасида ўзларини Пайгамбаримизга яқин олишлари билан бахтиёр эдилар. Бани Мусталақ қабиласининг Мадинага ҳужум қилмоқчилигидан хабар топган мусулмонлар уларни енгиб, аксарини асир олдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларни қул қилиб саҳобаларга тарқатди. Қабила бошлиғининг қизини ўз никоҳига олди. Бани Мусталақ Пайгамбаримизга қариндош булиб колганини кўрган саҳобалар у қулларни озод этишди. Шу муомалалар сабаб, бутун Бани Мусталак Исломни қабул қилди. Маймуна(р.а.) Нажд қабиласи бошлиғининг кизи эди. Жуда қайсар бу кабила 70 га яқин саҳобани ўлдирганди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунага уйланиши билан ушбу қабила хам итоатга кирди. Умму Ҳабиба (р.а.) Макка сардорларидан Абу Суфённинг, София (р.а.) яҳудийлар сардорининг қизи эди. Ҳафса (р.а.)га уйланиш билан Умардек шижоатли ва эътиборли саҳобага қариндош бўлди. 

4. Зайнаб (р.а.)га уйланиш билан жоҳилиятда мавжуд бўлган катта бир бидъат йўқ қилинди.

5. Куп уйланишдан мақсад умматта муаллималарни купайтириш бўлган. Чунки у зотнинг ҳар аёли динни одамларга ўргатадиган бир муаллима эди. 

6. Пайгамбаримиз комил инсон қандай булишини, ҳаётнинг барча соҳаларида илоҳий Дастурга мувофик яшашни кўрсатувчи намунадир. Инсоннинг ҳаёти икки қисмдан иборат: шахсий ҳаёт ва ижтимоий ҳаёт. Ижтимоий ҳаёт ҳам икки қисмдир: оилавий ҳаёт ва оиладан ташқаридаги хаёт. Инсон умрининг аксари шахсий ва оилавий ҳаётдан иборат. Бу иккисини энг яхши биладиган киши ҳар бир кишининг умр йўлдошидир. Демак, башарият учун намуна бўлган бу зотнинг шахсий ва оилавий хаёти ҳақида фақатгина у кишининг аёлларидан билиш мумкин. Кўп уйланиш эса янада тўлиқроқ маълумот ҳосил қилишга сабаб бўлади. Чунки бир аёли кўрмаган нарсани бошқаси кўради. Бири эшитмаган ҳукмни бошқаси эшитади. Видеокамера мисоли: Ҳозирги кунимиздан мисол келтирадиган бўлсак, маълумки, футбол чемпионатида майдоннинг ҳар томонига бир нечтадан камера қўйилади. Бундан мақсад ўйиннинг ҳар бир тафсилоти қайд қилиниб, равшан бўлишидир. Бирон кор-ҳол юз берса, дарров барча камералардаги видеоёзувлар кўриб чиқилиб, кейин ҳукм қилинади. Пайгамбаримизнинг аёллари ҳам унинг ҳаётидан хабар беришда видеокамералар каби бўлганлар. Кўпликлари туфайли аниқ ва равшан маълумот тўпланган.

муаллиф: Усмонхон Алимов


Киритилган вақти: 09/10/2023 16:16;   Кўрилганлиги: 647
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/15-savol-u-zotning-paygambar-sollallohi-alayhi-vasallam-kop-uylanishida-xususan-kanday-sabab-va-hikmatlar-bolgan
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг