АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК ИЛМ ВА ФАЗИЛАТДА ЧЕКСИЗ УММОН
“Суфён Саврий вафот этганда ларзага келган еру-осмон, Абдуллоҳ ибн Муборак вафоти туфайли ҳам айнан шундай ларзага келди”.
Абу Холид Аҳмад
Ислом тарихида унинг маданияти ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб алломалар ўтган бўлиб, уларнинг энг улуғларидан бирлари, буюк имом мақомига эришган аллома Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак ҳижрий 118 йилда Марв шаҳрида туғилиб, 181 йилда Ироқнинг Ҳийт деган шаҳарчаси вафот этадилар.[1] Бу мелодий 736-797 йилга тўғри келади.
Абдуллоҳ ибн Муборак Марв шаҳрида йигирма йилдан ортиқроқ яшаб, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ёзишича, ҳижрий 141 (милодий 760) йилдан эътиборан илмини ошириш мақсадида узоқ юртларга сафарга отланган. У зот хорижий юртларга сафарларини Ироқдан бошлаган. Айни вақтда ёшлик йилларида ўз даврининг моҳир тижоратчиси ҳисобланган отасининг савдо-сотиқ ишларига ҳам кўмаклашган.
Илм олишга астойдил бел боғлаган Абдуллоҳ ибн Муборак умрининг кўп йилларини араб мамлакатларида ўтказган, жумладан, Яман, Ироқ, Жазира ва Шомда узоқ йиллар яшаган. Бу ҳақда "ҳадис ўрганиш мақсадида у бутун дунёни кезиб чиққан", деган тавсиф ҳам бежизга айтилмаган.
Бу шаҳарларнинг ҳар қайсисида бўлганда у, аввало, олимлар – устозлар билан мулоқотда бўлар ва улардан, айниқса, исломий илмлардан (ҳадис, фиқҳ, адаб ва ҳоказо) сабоқ олар эди. Шуни таъкидлаш жоизки, Абдуллоҳ ибн Муборак қувваи ҳофизаси, яъни ёдлаш қобилияти ақл бовар қилмайдиган даражада кучли бўлган.
Манбаларга кўра у ҳар қандай асарни бир марта диққат билан мутолаа қилгач, хотирасида мустаҳкам сақлаб қоладиган даражада кучли хотирали олим бўлган.
Абдуллоҳ одоб-ахлоқда ҳам тенгқурлари орасида ажралиб турган. У ёшлигидан одоб-ахлоққа алоҳида эътибор бериб, бутун умри давомида шу ақидага содиқ қолган. У ўзи ҳақида: "Мен одоб-ахлоқни ўттиз йил, илмни эса атиги йигирма йил ўргандим",- деб таъкидлаган.
Энг муҳими, у илм олиш масалаларига ҳам ҳар доим юксак одоб-ахлоқ нуқтаи назаридан ёндашиб, мудом ўз устозларининг меҳру муҳаббатини қозонган ва "Шайху устозлар хизматини сидқидилдан адо этишнинг ўзи ярим илмдир", - деб ҳисоблаган ва баъзилар:"Нега илмга бунчалик очкўзсан?"-деб сўраганда, у: "Шундай улуғ ишдан (илм олишдан) ҳам сира тўйиб бўладими?", - деб жавоб берар экан. Ёки асҳоб ул-ҳадис унинг ҳадис эшитиш ва ёзиб олишдаги кучли иштиёқи ва чексиз қизиқишини кўриб, ундан: "Қачонгача шу аҳволда давом этасан?" – деб сўраганларида, у: "Менинг шу зайлдаги ишимни то ўлгунимча кўришларингни жуда-жуда истардим", - деб жавоб берган экан.
Абдуллоҳ ибн Муборак мана шундай ажойиб фазилатларини кўрган кўпгина таниқли олимлар уни жуда юқори сифатлар билан таърифлаганлар. Жумладан, Муътамар ибн Сулаймон: "Абдуллоҳ ибн Муборакка ўхшаганини сира кўрмаганман",- деб таърифлаган бўлса, Абдураҳмон ибн Маҳдий: "Абдуллоҳ ибн Муборакдан кўпроқ ҳадис жамлаган муҳаддисни кўрмадим",- деган.
Ибн Ҳанбал эса: "Унинг давридаги илм аҳлларидан бирортасида ҳам Абдуллоҳ ибн Муборакда бўлган ҳислатлар йўқ. Чиндан ҳам у илму ирфоннинг бир хазинаси эди",- дея эътироф этган.
Бу мўътабар зот ғоят кенг мушоҳадали илм соҳиби бўлиш билан бирга изчил ва ҳаётбахш амалий фаолияти билан ҳам шуҳрат қозонган.
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бой ва серқирра ҳаёт йўллари инсониятни ҳидоятга бошловчи илмий, маънавий ва диний мероси билан танишган ҳар бир киши бу зотга нисбатан чексиз ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этади. Шу боисдан ҳам кўпгина тарихчилар Абдуллоҳ ибн Муборак ҳаёт йўллари ва юксак даражадаги инсоний фазилатлари ҳақида қатор салмоқли асарлар яратганлар. Жумладан, Ибн Имод Ҳанбалий, Ҳофиз ибн Бишквал, Ибн Халликон, Шамсиддин Заҳабий, Исмоил Пошша Бағдодий, Абул Вафо Мароғий, Устоз Али Тантовий каби забардаст олимлар бу улуғ аллома тўғрисида йирик асарларини келтиришимиз мумкин.
Дарҳақиқат, Абдуллоҳ ибн Муборак илмда улкан бир уммон эди. У зот ўша замонда ривож топган ҳар қандай илмнинг чўққисига етишган бўлиб, аксар тадқиқотчилар ўша илм бўйича манба сифатида фақат унга мурожаат қилардилар.
Биз қуйида бу улуғ зот ҳақларида уламолар томонидан айтилган таъриф-тавсифларни келтиришни мақсад қилдик. Шоятки, қалбимизда илм аҳлларига нисбатан муҳаббат ва эзгу мақсадларимизга етишмоқлик учун рағбат пайдо бўлса.
Молик ибн Анас: “Ибн Муборак Хуросоннинг фақиҳидир”[2].
Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ибн Муборак замонида ундан кўра илмга чанқоқроқ ва талабчанроқ киши йўқ эди. У илм йўлида Яманга, Мисрга, Шомга, Басрага, Куфага сафарлар қилиб, илм ривоят қилди ва аҳли илмлардан бўлди. Кичиклару-катталар тўғрисида ёзиб, буюк иш қилди ва ҳадис илмининг буюк ҳофизи бўлди”.[3]
Суфён Саврий: “Умримнинг барчаси Ибн Муборак умрининг бир йилича бўлишини хоҳлардим, аммо унинг уч кунича бўлишига ҳам қодир бўла олмадим”.[4]
Иъжлий: "Абдуллоҳ ибн Муборак хуросонлик олим, ғоятда ишончли, ҳадис айтишда собит, солиҳ инсон, илмнинг кони эди".
Аббос ибн Мусъаб: "Абдуллоҳ ибн Муборак ўзида турли-туман илмларни: ҳадис, фиқҳ, араб тили, жамият тарихини, шижоат, тижорат, сахийлик ва муҳаббатни (кишининг илмга бўлган иштиёқини) фарқлашда кучли инсон эди".
Абу Довуд Таёлисий: "Абдуллоҳ ибн Муборакдан илми кўп бўлган олимларни кўрмадим, у муҳаддис, фақиҳ, адиб, шоир, луғатшунос, фасоҳатли олим эди. Толиби илмлар бошқа бирорта ҳам олимдан ололмайдиган илмни фақат ундангина олардилар".
Мўътама ибн Сулаймон: "Абдуллоҳ ибн Муборак сингари олимни мен сира кўрмадим, бошқа бирорта олимда йўқ фазилатларни фақат унда кўрардик. Шу боисдан ҳам жуда кўп одамлар унга ўз асрининг энг кўзга кўрингани ва ўша замондаги илмнинг ғоятда буюги, деб қарар эди".
Шўъба[5], Абдуллоҳ ибн Абу Рузмага: Абдуллоҳ ибн Муборакни танийсанми? деди. У: “Ҳа, танийман” деганда, Шўъба: "сиз томонингиздан бизнинг юртимизга унга ўхшаши келгани йўқ" деди.[6]
Шуайб ибн Ҳарб: "Абдуллоҳ ибн Муборак (илмда) ўзидан афзалроқ кишини учратмаган. Кўпинча унинг дўстлари ва шогирдлари тўпланишиб, у эгаллаган турли илмлар ва унга кўрк берадиган турфа хил яхшилик сифатлари ҳақида бир-бирларига айтиб зикр қилардилар".
Шуайб ибн Ҳарб: “Ибн Муборак ҳузурига келиб, ҳадис эшитиб, ёзиб олар эдик, аммо унга бирор нарсани илова қила олмасдик”. [7]
Ҳасан ибн Исо ибн Мосаржис: "Абдуллоҳ ибн Муборакнинг асҳобларидан бир гуруҳи: "Унинг яхшилик бобидаги хислатлари ҳақида тўхталиб: У фиқҳ, адаб, наҳв, луғат, зоҳидлик, шижоат, шеър, нотиқлик, парҳезкорлик, ибодат, ҳаж, ғазот борасида илмни чуқур эгаллаганлиги, чавандозлик, ўзига алоқаси бўлмаган нарса ҳақида гапирмаслик, ўз фикрида қатъиятлилик, ўз дўстлари билан камдан-кам ҳолларда ихтилофга бориш каби фазилатларини санаганлар".
Муҳаммад ибн Абдулваҳоб ал-Фарроъ: "Хуросондан Абдуллоҳ ибн Муборак, Ан-Назр ибн Шумайл, Яҳё ибн Яҳёга тенг келадиган бошқа олим чиқмаган. Уни (Абдуллоҳ ибн Муборакни) хуросонлик буюк шахс ва хуросонлик тенги йўқ олим деб ҳисоблардилар".
Ибн Абу Ризмадан ривоят қилинади, у: "Шуъба мендан: "Абдуллоҳ ибн Муборакни танийсанми?"-деб сўради. Мен: "Танийман",-дедим. Шунда у: "Сизнинг томонлардан юртимизга унга ўхшагани келгани йўқ",-деди.
Муоз ибн Холид шундай ҳикоя қилган: "Исмоил ибн Иъёшга[8] Абдуллоҳ Абдуллоҳ ибн Муборакни танитган эдим. Исмоил ибн Иъёш: "Ер юзида Абдуллоҳ Абдуллоҳ ибн Муборакга тенг келадиган олим йўқ",-деди.
Шуайб ибн Ҳарб: "Абдуллоҳ ибн Муборак илмда ўзидан афзалроқ бўлган бирор кишини учратмаган, Абдуллоҳ ибн Муборак мағрибу машриқ ва улар ўртасидаги ўлкаларнинг ҳам олими, деб эътироф этилганлиги ҳақида кўпдан-кўп таниқли олимлар шоҳидлик берганлар. Масалан, Абдуллоҳ ибн Синон шундай ҳикоя қилади: "Мен Маккада турганимда Абдуллоҳ ибн Муборак бу шаҳарга келган эди. Қачонки у қайтишга чоғланганда Суфён ибн Уйайна ва Фузайл ибн Иъёз уни кузатишга чиқишиб, у билан хайрлашдилар. Шунда улардан бири: "Бу киши Машриқ аҳлининг фақиҳи", деганда, иккинчиси: "У Мағриб аҳлининг ҳам фақиҳи", деб қўшиб қўйди”.
Абдураҳмон ибн Абу Жамил: "Биз Абдуллоҳ ибн Муборакка: "Эй бутун Машриқнинг олими, бизга ҳадислар айтиб беринг, дегандик, бу гапимизни эшитган Суфён: "Эй нима деяпсизлар! У (Абдуллоҳ ибн Муборак) Мағрибу Машриқ ва улар ўртасидаги ерларнинг ҳам олими-ку",-деб хитоб қилди”.
Асвад ибн Салим: "Абдуллоҳ ибн Муборак одамлар иқтидо қиладиган имом ва суннатда ҳам энг собитқадам инсон ҳисобланади".
Убайдуллоҳ ибн Жунод: "Мен Умарийнинг шундай деганини эшитгандим: Бизнинг замонамизда менинг уйимга келган бир кишидан бошқа бу ишни (ҳадис илмини) ислоҳ қиладиган бирор кишини кўрмаганман. У хонадонимда уч кун яшади ва шундай нарсаларни мендан сўрадики, бу замон аҳлидан ундан бошқа бирор киши бу ҳақда сўрамаган эди. Гарчанд унинг луғати шарқ халқига хос бўлса-да, тили ғоятда фасоҳатли эди. Унинг куняси Абу Абдураҳмон бўлиб унинг билан Сафийр деб аталадиган бир ғуломи ҳам бирга эди. Биз ундан: Бу киши Абдуллоҳ ибн Муборак эмасми?"- деб сўрадик. Шунда у: "Ўша бўлса керак. Агар мен билан бирга бу илмни ислоҳ қиладиган киши бўлса, бу ўшадир".
Шуайб ибн Ҳарб: "Биз Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳадислар эшитиб ёд олиш учун унинг ҳузурига келар эдик, бу дарслар шундай мукаммал бўлар эдики, унга бирорта ортиқча изоҳ қилишга ўрин қолмасди”.
Имом Насафий: "Абдуллоҳ ибн Муборак яшаган даврда ундан кўра донгдорроқ (донғи кетган), ундан кўра устунроқ, юқорироқ ёйинки мақташга лойиқ юксак фазилату хислатларга эга бўлган бошқа бир олимни билмаймиз".
Яҳё ибн Маъийн эса уни: "Зеҳни ўткир, идроки катта, ғоятда ишончли (сиқа) ва саҳиҳ (ишончли, ҳақиқий) ҳадисларнинг олими (билимдони)",- дея таърифлаган.
Яҳё ибн Муъин ҳузурида ибн Муборак номи зикр этилганда, у: "Мусулмонларнинг улуғларидан биридир", - деб баҳолаган. Бир куни унинг ҳузурига бир киши келиб: "Эй, Абу Закариё, Муаммар хусусида ким собитлироқ? Абдураззоқми ёки Абдуллоҳ Абдуллоҳ ибн Муборакми?"-деб сўради. У (Яҳё ибн Муъин) ёнбошлаб ётган жойидан туриб қаддини ростлади ва: "Ибн Муборак Абдураззоқга нисбатан ҳам, унинг қишлоғи аҳлидан ҳам хайрли (яхши)роқдир",- деди ва яна жиддийлашиб: "Наҳотки сен Абдураззоқни Абдуллоҳ (Ибн Муборак) билан баробар кўрсанг?" –деди.
Абу Ваҳб Муҳаммад ибн Музоҳим доимо шундай дер эди: "Ибн Муборакдан бир кишининг нисбати билан ҳадис тинглаб, сўнг ана шу кишига бориб, ҳатто (ибн Муборакдан эшитган) ҳадисини (қайтадан) текширтирадиган кишидан ғоят таажжубланарди"[9].
Асвад ибн Солим шундай деган: "Абдуллоҳ ибн Муборак барча иқтидо қиладиган имом бўлиб, суннада одамларнинг энг собитқадами эди. Агарки кимдир Абдуллоҳ ибн Муборак ҳақида ғийбат (ёмон) сўзларни гапирса, у одамни ислом динига қарши иш қилганликда айблардилар".
Абдураҳмон ибн Маҳдий: "Буюк имомлар (алломалар) тўртта - Суфён ас-Саврий, Молик ибн Анас, Ҳаммод ибн Зайд ва Абдуллоҳ ибн Муборак",- деб айтиб, яна: "Абдуллоҳ ибн Муборак Суфён ас-Саврийдан кўра ҳам олимроқ (билимдонроқ) бўлган",-дея таъкидлаган. Ривоят қилишларича, Абдураҳмон ибн Маҳдий ўзига тегишли уйни сотиш мақсадида Бағдодга келган экан. Шунда унинг ёнига асҳоб ул-ҳадийс (ҳадис билимдонлари, ҳадисшунослар) тўпланиб, унга дедилар: Сен Суфён Саврий билан мужоласа қуриб (суҳбатида бўлиб) ундан ҳадис эшитгансан, шунингдек сен Абдуллоҳ Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳам ҳадис эшитгансан. Қани айтгин-чи, улар (икковлари)дан қайси бири устун?". Шунда у ҳадисшуносларга қараб: "Эй, сизлар, нима деяпсизлар? Агар Суфён лоақал бир кунгина Абдуллоҳга ўхшаш бўламан, деб бор куч-қувватини сарфлаганда ҳам асло бунга қодир бўлолмасди".
Исмоил ибн Иёш: “Ер юзида Абдуллоҳ ибн Муборакка ўхшаши йўқдир. Аллоҳ Таало нимаики яхшилик хислатларини яратган бўлса, уларнинг барчасини Абдуллоҳ ибн Муборакка берганлигини билдим”.
Абу Исҳоқ ал-Фазорий: "Абдуллоҳ ибн Муборак – барча мусулмонларнинг имомидир".
Ал-Муаййаб ибн Возиҳ бир суҳбатида: "Мен Абу Исҳоқ ал-Фазорийнинг Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ҳузурида одоб билан ундан саволлар сўраб ўтирганларини кўрган эдим. Ваҳоланки Абу Исҳоқ ал-Фазорий Абдуллоҳ ибн Муборакдан йигирма ёш катта эди" деб ёзган эди.[10]
Фузайл ибн Иёз: "Ундан (Абдуллоҳ ибн Муборакдан) кейин унга тенг келадиган олим қолмади".
Абу Холид Аҳмад: “Суфён Саврий вафот этганда ларзага келган еру-осмон Абдуллоҳ ибн Муборак вафоти туфайли ҳам айнан шундай ларзага келди”.
Салом ибн Мутиъ: "Абдуллоҳ ибн Муборак ўзидан кейин бутун Машриқда ўзига ўхшашни ворис қолдирмади".
Абдуллоҳ Ибн Муборакнинг котиби Салма ибн Сулаймон Марвазий, Салмадан шундай ҳикоя қилади. Бир мулоқот чоғида у Ибн ал-Муборакка, Абдуллоҳ, деб мурожаат қилган. Шунда унга: "Ибн Муборак", деб унинг исми шарифини тўлиқроқ айт",-дейишган. Шунда Салма: "Агар Маккада Абдуллоҳ дейилса, бундан Ибн Аббос тушунилади, агар Мадинада Абдуллоҳ дейилса, бундан Ибн Умар, агар Куфада Абдуллоҳ дейилса, ундан Ибн ал-Муборак кўзда тутилади,-деган.[11]
Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг "Тақрийб ат-таҳзийб" номли асарида Ибн ал-Муборак ҳақида шундай дейди: "У ўта ишончли, аниқ ифодали фақиҳ, аллома, олийжаноб, шижоатли инсон, унда барча эзгулик хислатлари мужассам эди".[12]
Абу Нуайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ Исфаҳоний ўзининг "Ҳилийат ал-авлиё" ("Авлиёлар зийнати") номли асарида: Ибн Муборакни ушбу сўзлар билан зикр қилган. "Олийжаноб, саховатли, мушкулотларни ечадиган, дўстона ишлардан озуқланадиган, Қуръон, ҳаж ва дин йўлида шижоат кўрсатишни дўст тутувчи, фисқу фасоддан устун турувчи, мол-дунёси барчага баравар, феъл-атвори ҳам, айтган сўзлари ҳам қутлуғ бўлган шаҳаншоҳ Абдуллоҳ ибн ал-Муборак розияллоҳу анҳу".
Киритилган вақти: 24/08/2016 00:00;
Кўрилганлиги: 3698
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 11:44