Саҳарликда барака бор
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “саҳарлик қилингиз! Зеро, саҳарликда барака бор”, деб марҳамат қилинади (имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Ушбу шарафли ҳадис рўзадор киши саҳарлик қилишга буюрилганлигига далолат қилади. Чунки, Набий алайҳиссалом айтганларидек, саҳарлик қилишда барака ва кўп яхшиликлар бор.
“Саҳарлик” ёки “саҳарлик қилиш” деганда рўза тутмоқчи бўлган киши саҳар пайтида яъни туннинг сўнги қисмида тутажак рўзасига куч тўплаш учун тамадди қилиб олиши тушунилади.
Дарҳақиқат саҳарлик қилишда бизларга маълум ва номаълум, зоҳиру ботин хайру баракалар мавжуд. Саҳарликнинг ошкора баракаларидан бири шуки, у туфайли инсон рўза тутишга ўзида куч топади. Шунингдек, кундуз куни то ифтор пайтигача ўқиладиган намозлар, Қуръони карим тиловати, зикру дуо каби бошқа жисмоний ибодатларни бажариш учун ҳам кишига қувват ва энергия керак бўлади. Мазкур қувват эса саҳарлик қилиш билан ҳосил бўлади. Саҳарлик қилмасдан ўтар рўза тутган одамда бундай қувват бўлмайди. Ва у юқорида зикр қилинган турли-туман тоат-ибодатларни бажаришга эринади, ҳатто ўзининг бошқа дунёвий юмушларини ҳам амалга ошириш унга ортиқча машаққат туғдиради. Натижада у ҳам дунёвий, ҳам ухровий манфаатлардан қолиб кетади.
Саҳарликнинг фойдаларидан яна бири очлик қўзғайдиган салбий мижознинг олди олинишидир. Инсон оч экан қандайдир феъли тор ва жиззаки бўлиб қолади. Қорни тўқ инсоннинг кўнгли ҳам тўқ ва хотиржам бўлади, одамларга ширин муомалада қилади.
Саҳарликнинг баракаларидан яна бири шундан иборатки, у туфайли рўзани бир ой мобайнида давом эттиришга, кўпроқ рўза тутишга рағбат ва хоҳиш пайдо бўлади. Чунки, саҳарлик туфайли очлик ва мадорсизлик машаққати енгиллашиб, рўза оддий ҳолга айланиб қолади. Бунинг ижобий натижаси ўлароқ киши рўзадан безиб, бетоқат бўлиб қолмайди. Ва кейинги кунларнинг рўзаларини ҳам рағбат ва истак билан тишга киришади.
Саҳарлик қилиш суннатга эргашиш демакдир. Саҳарлик қилувчи ўзининг бу иши билан Набий алайҳиссаломнинг буйруқларига бўйсуниш ва У зотнинг афъолларига иқтидо қилишни ният қилса, унинг саҳарликдаги таом ейиши ҳам ажру савоб келтириб чиқарадиган алоҳида бир ибодатга айланади. Агар рўзадор буларни ният қилмасдан шунчаки, ибодатга қувват бўлсин деб еб-ичса ҳам албатта савоб қозонади. Аммо, шу билан бирга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига эргашишни ҳам қасд этса нур устига нур бўлади.
Шу боис, рўзадор бирозгина егулик билан бўлса ҳам саҳарлик қилиши мақсадга мувофиқ. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “кимки, рўза тутадиган бўлса, бирор-нима билан (бўлса ҳам) саҳарлик қилиб олсин!” (имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, гарчи ошқозонимиз ҳеч нарса талаб қилмаётган бўлса ҳам Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўгитлари ва буйруқларига бўйсунган ҳолда саҳар туриб енгил-елпи тамадди қилиб олсак, кўплаб дунёвий ва ухровий манфаатларга эришарканмиз.
Саҳарликнинг баракаларидан яна бири шуки, саҳарлик баҳонасида киши зикр, дуо, Қуръон қироати ва тунги намоз – таҳажжуд намози каби ибодатлар учун вақт ва имкон топади. Ҳадиси шарифлардан маълумки, туннинг охирлаб бораётган қисми дуолар ижобат бўладиган, тавбалар қабул қилинадиган энг муносиб вақтдир.
Саҳарлик қилувчиларга Аллоҳ ва Унинг фаришталари саловотлар айтадилар. Бу энг катта бахтдир. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “саҳарлик – ейиш муборак бўлган таомдир. Шундай экан, бир қултум сув ичиш билан бўлса ҳам уни тарк этманглар. Зеро, Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга саловот айтурлар” (имом Аҳмад ривояти).
Гарчи қадимдаги баъзи аҳли илмлар саҳарлик қилишга буюрувчи ҳадисларнинг зоҳиридан келиб чиқиб, уни фарз деган бўлсалар ҳам аммо, аксар уламолар, шу жумладан тўрт фиқҳий мазҳаб вакиллари саҳарлик қилишни мустаҳаб эканлигини таъкидлайдилар. Яъни, саҳарлик қилишда қўшимча ажр-савоблар мавжуд. Шаръан тарғиб этилган мандуб амаллар сирасига киради. Зеро, баъзан, Набий алайҳиссалом ўтар рўза тутганлар. Агар саҳарлик қилиш фарз даражасида бўлганда Ул зот асло ўтар тутмасдилар. Аммо, рамазонда пайғамбаримизнинг аксар феъллари саҳарлик қилиш бўлгани учун ҳамда бу ишга тарғиб этувчи кўплаб ҳадислар ворид бўлгани ва унда кўплаб хайру баракалар борлиги туфайли саҳарлик қилиш мустаҳаб амаллардан бўлди.
Саҳарликнинг фойдаларидан яна бири саҳарлик қилувчига бомдод намозини жамоат билан ўқишга ёрдам беришидир. Шунинг учун ҳам рамазонда бомдод намозини масжидда ўқувчилар сони бошқа ойлардагидан кўпроқ бўлади. Чунки, улар саҳар учун вақтлироқдан турган бўладилар.
Саҳарлик учун энг афзал вақт туннинг охирги қисми ҳисобланади. Бомдод вақти киришига яқин саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Зеро, Набий алайҳиссалом саҳарлик қилиб бўлиб бомдоднинг фарзини ўқишга киришишлари орасида Қуръондан эллик оят ўқиш миқдорида вақт бўлган. Эллик оят ўқишчалик вақт деганда тез ҳам эмас, ўта секин ҳам эмас, балки, ўртача ўқиш тушунилади. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан саҳарлик қилдик. Сўнгра намозга турдилар”. Ҳадис ровийси ҳикоя қилади: “азон билан саҳарлик ўртасида қанча муддат бор эи?!”, дедим. – “эллик оят миқдори (бор эди)”, деди” (имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Бу ҳадисда келган азон деган сўз билан иқомат яъни фарз намозга айтиладиган такбир назарда тутилган. Чунки, “азон” эълон қилиш, билдириш деганидир. Такбири иқомат ҳам намозга турилганини билдирувчи нарсадир.
Ўзимизда чиқарилаётган рамазон тақвимида кўрсатилган оғиз ёпиш вақтлари ҳам юқоридаги ҳадиси шарифларда келган вақтларга яқин келади.
Фурсатдан фойдаланиб, жонажон юртимиз аҳолисини бошимизга раҳмат соябони бўлиб турган муборак рамазон ойи кириб келганлиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Аллоҳдан сўраб қоламанки, рамазони шариф барчамиз учун эзгуликларга васила бўлсин, маънавий покланишимиз, руҳан юксалишимиз ва Парвардигоримизга қурбат ҳосил қилишимизга сабабчи бўлсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Манба:Muxlis.uz
Киритилган вақти: 31/05/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3075
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 16:09