Исроф-энг оғир гуноҳ
Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб уларни ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Қуръони каримда : “...Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Роббига) жуда ношукрдир” (Иброхим-34), деб марҳамат қилинган.
Инсонларга шунча неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Жумладан, Аъроф сурасининг 31-оятида: “Енглар, ичинглар, исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай ”, деб амр қилмоқда. Шунингдек, яна: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) хақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлоқо йўл қўйманг!”, дейилган (Исро-26).
Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ман этилган. Хусусан, тўй ва бошқа маракалардаги исрофгарчиликлар ортиқча дабдабага, риёкорликка, манманликка, кимўзарга, ўзаро ҳасадга, имкони йўқларнинг кўнгли ўксишига олиб келади.
Пайғамбаримиз Мухаммад а.с. ўз ҳадисларида марҳамат қиладиларки: “Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди.” Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”-деб исрофдан қаттиқ қайтарганлар.
Ҳамма ишда меъёр ва мўътадиллик бўлгани яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди деб, уни ҳар томонга сочавериш, айниқса Аллоҳ ҳаром қилган ишларга сарфлаш гуноҳ эшикларини очиб қўяди. Бунинг ўрнига ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам бериш, талабаларнинг контракт пулларини тўлашга кўмаклашиш, қарзини тўла олмаётган кишиларга ёрдамлашиш ҳам ўзига, ҳам жамиятга келтирган катта савобли иш бўлади. Исрофгарчиликнинг барча кўринишларига барҳам бериш ар бир фуқаронинг вазифасидир.
Киритилган вақти: 27/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2737
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 14:59