Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Учрашувлар, семинарлар, брифинглар

Вилоят вакиллигида Имом Мотуридий таълимотига бағишланган тадбир ва китоблар тақдимоти ўтказилди

 
 

Жорий йил 3-5 март кунлари Самарқандда буюк мутакаллим, калом илмининг асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро анжуман ўтказилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази,  вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги Олий таълим муассасалари ҳамкорлигида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тарғибот тадбирининг навбатдагиси Самарқанд вилоят вакиллигида ташкил этилди. Унда Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадқулов, Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази раҳбари Ш.Зиёдов, марказ илмий ходимлари ҳамда Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ва Самарқанд шаҳар ҳамда Самарқанд туман масжидларининг имом-хатиблари иштирок этди. Унда сўзга чиққан халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Ш.Зиёдов, марказ илмий ходими Т.Эвадуллаев ҳамда вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқуловлар дастлаб юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни тиклаш, улуғ алломалар меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар хусусида гапириб ўтди. Шунингдек, Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси, унинг ислом оламида тутган ўрни, мамлакатимизда ушбу меросни ўрганиш ва тадқиқ этиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида маълумотлар бердилар.

         Тадбир доирасида Марказнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари натижасида 2019 йилда Миср Араб республикасидан келтирилган аллома қаламига мансуб қатор асарлар, Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультетидан 18 жилдик “Таъвилотул Қуръон” асарининг турк тилидаги таржимаси ва  Марказ томонидан “Жаҳолатга қарши-маърифат” рукни остида нашр этилган “Самарқандлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Иброҳим Саффор Бухорий”, “Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбоми”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” номли китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир сўнгида Марказ томонидан нашр этилган китоблар Самарқанд вилоят вакиллиги ҳамда масжидларнинг кутубхоналари фондига совға қилинди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 18/02/2020 17:32;   Кўрилганлиги: 311
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/seminars-briefings/viloyat-vakilligida-imom-moturidiy-talimotiga-bagishlangan-tadbir-va-kitoblar-taqdimoti-otkazildi
Чоп этилган вақт: 08/07/2020 18:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг