Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Махдуми Аъзам жоме масжиди

 
 

Оқдарё туманининг Даҳбед қўрғонида жойлашган “Махдуми Аъзам” жоме масжиди Ялангтуш баҳодир томонидан 1619 йили қурдирилган ва ўз замонасининг маданий марказларидан ҳисобланган.

Масжид номи замонасининг буюк алломаларидан бири мутафаккир ҳазрати Махдуми Аъзам номи билан боғлиқдир. Асл номи Саййид Аҳмад Хожа Косоний тахминан 1463-64 йили Фарғона водийсининг Косонсой шаҳрида дунёга келган. Ўз юртида ва Тошкентда илм олиб камолотга эришгандан кейин шайбоний хукмдорларидан Жонибек Султоннинг таклифига биноан Самарқанднинг Миёнқол воҳасига кўчириб келтиришган. У киши келганидан кейин бу воҳани ободонлаштириб ўн туп тол экади. Кейинчалик бу жой ўн толга нисбат берилиб “даҳбед” деган ном олади. Махдуми Аъзам ҳазратлари 30 дан ортиқ асарлар муаллифи, Нақшбандий тариқатининг билимдони бўлиб, шайх мақомига эришган. Ўз даврида юзлаб шогирдларини тарбиялаган Махдуми Аъзам ҳазратлари 1542 йил Даҳбедда вафот этади. Махдуми Аъзам ҳазратларининг қўним топган жойига кўплаб алломалар дафн килинган бўлиб, бугунги кунда ташриф баюрувчилар билан гавжум зиёратгоҳдир

Масжид ховлисида 500 ёшдан ошган чинор бор. Унинг тана қисми ғовак шаклига кириб колган.

Мустақиллик йилларида Даҳбед қўрғони тубдан ўзгартирилиб, улкан ишлар натижасида чиройли шаҳарча кўринишига айлантирилди. 1991 йил “Махдуми Аъзам” зиёратгоҳи таъмирланиб, янгидан очилди. 1998 йил тўлиқ қайтадан таъмирдан чиқарилди. 2014 йилга келиб эса мисли кўрилмаган даражада ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ўзбекистан Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги (2009 йил 9 октябрь, ЎРҚ-228-сон) Қонунига асосан Самарқанд вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясининг 2014 йил
21-февралдаги 90-сонли тавсияномасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий Давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6,25-моддасига ҳамда такдим этилган ҳужжатларга асосан Окдарё туман ҳокимининг Даҳбед массивидаги “Махдуми Аъзам” зиёратгоҳини ободонлаштириш» Низомини тасдиқлаш тўғрисида 2014 йил 7 март куни 171- сонли Карори чиқди. Бу қарорга асосан “Махдуми Аъзам” хотирасини абадийлаштириш буйича жамоатчилик комиссияси ҳузуридаги ўзини-ўзи бошқарадиган мустақил нодавлат хайрия жамоаси тузилди.

Зиёратгоҳнинг умумий майдони 38040,73 кв.м бўлиб, шу майдонда қабристон, мевали ва манзарали дарахтлардан ташкил топган боғ ҳамда манзарали майсаларни ўз ичига олади.

Ҳозирда “Махдуми Аъзам” жоме масжидида Юсупов Олимхон Исоқович имом-хатиблик қилмоқда.

“Махдуми Аъзам” хайрия жамоасига туман бош имом хатиби Аблақулов Хабибуллахон Пўлатович раҳбарлик қилади.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 10/11/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2890
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/maxdumi-azam-jome-masjidi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 01:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг