Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Конференция иштирокчилари Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрдилар

 
 

Кеча Самарқанд шаҳрида бошланган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуманнинг бугун якуний йиғилиши бўлиб ўтди. Шундан сўнг анжуман иштирокчилари вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Х.Саттаров ва бошқа масъуллар ҳамроҳлигида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуалари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактабига ташриф қилдилар.

Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари зиёрат қилинди. Қуръони карим оятлари тиловати ва дуо қилинди. Шундан сўнг меҳмонлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишди. Халқаро марказ музейи ва бу ерда сақланаётган нодир асарларни кузатди.

Марказ билан ҳамоҳанг тарзда бино этилиб, ўтган ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаган Ҳадис илми мактабига ҳам меҳмонлар ташриф буюришди. Мактаб ректори О.Юсупов нуфузли меҳмонларга ушбу олий даргоҳ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсади ташкил этилганлиги, ундаги ўқув жараёнларини ишлаб чиқишда қадимги Бухоро ва Самарқанд мадрасаларидаги ўқитиш анъаналари жорий қилиш билан бирга нуфузли Ал-Азҳар университетининг тажрибаси амалда қўлланилаётгани ҳақида маълумот берди.

Меҳмонлар ҳадис мактабининг мартабали меҳмонлар китобига ўзларининг таъсурот ва тилакларини билдириб, дастхат ёздилар.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати

 


Киритилган вақти: 04/03/2020 14:47;   Кўрилганлиги: 1444
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/konferentsiya-ishtirokchilari-imom-buxoriy-majmuasiga-tashrif-buyurdilar
Чоп этилган вақт: 02/05/2024 02:21
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг