Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ёлғончилик оғир гуноҳ

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Кишилик жамиятда инсонлар азалдан бир бирлари билан ижтимоий, иқтисодий муносабатларида, жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлигида ростгўйлик алоҳида муҳим ўрин тутади. Ростгўйликнинг зидди - ёлғончиликдир. Ёлғон - жамият аъзолари ўртасида у ёки бу ҳолат, воқелик ёки шунга ўхшаш ижтимоий муносабат ва муомалага нисбатан нотўғри тасаввур уйғотиш (шакллантириш) ҳисобланади.

   Муқаддас динимиз таълимотида ёлғончилик гуноҳи кабира ҳисобланади. Гуноҳи кабира содир этган кишига уқубат вожиб бўлади. Шунинг учун кабира гуноҳ содир этган киши зиммасига дарҳол истиғфор айтмоқлиги яъни гуноҳига тавба қилиб, Аллоҳ таолога кечиришини сўраб илтижо қилмоқлиги керак бўлади.

    Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримнинг кўплаб оятларида мўмин мусулмон бандаларини ёлғончиликдан қайтарган. Жумладан, Тавба сурасида: ''Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз'', (119-оят), деган бўлса, Аҳзоб сурасида: ''Ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот тайёрлаб қўйгандир'', (35-оят) деб марҳамат қилади.

    Ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида: ''Ўзларингизга ростгўйликни лозим тутинглар. Албатта, ростгўйлик кишини яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши доим рост гапирса Аллоҳнинг ҳузурида ўта ростгўйлар (яъни сиддиқлар) қаторига ёзиб қўйилади. Ёлғон гапиришдан сақланинг. Чунки ёлғончилик фужур (яъни гуноҳлар)га етаклайди. Гуноҳлар эса кишини дўзахга етаклайди. Киши доим ёлғон гапирса, унга ўрганиб қолади ва Аллоҳнинг ҳузурида каззоблар яъни ёлғончилар қаторига ёзилиб қўйилади'', деб марҳамат қилганлар.

    Ёлғончилик мунофиқлик аломатидир. Ибни Масъуд розияллоҳу анҳу мунофиқлик ҳақида: ''Мунофиқнинг учта сифатига эътибор қилинглар. Гапирса ёлғон гапиради, берган ваъдасига хилоф қилади, бирор киши билан аҳдлашса, берган аҳдига хиёнат қилади'', деганлар. Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг бир аломати экан. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сурасида: ''Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан'', (145-оят) деб огоҳлантирди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан паноҳ сўраймиз.

     Инсон бу дунёда ўз манфаати йўлида доим ёлғон гапирадиган бўлса, ундай одам эл орасида ''фалончи ёлғончи'' деган номни олади. Унинг рост гапига ҳам одамлар ишонмай қўйишади. Шунингдек, ростгўй, омонатдор инсон икки дунёда бахту саодатга эришади. Луқмони Ҳакимдан: ''Сиз дунёда эришган бундай даражотнинг асосий сабаби нимада'', деб сўралганларида, шундай деган эканлар: ''Мен дунёдаги бу даражотга ростгўйлигим, омонатдорлигим ва дунё-ю охиратимга наф бермайдиган ишларни тарк этиш билан етишдим''.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида: ''Менга олтита гуноҳни содир этмасликка кафолат берсаларингиз, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман. Сўзласаларингиз рост сўзлайсизлар, бировга берган ваъдаларингизга вафо қиласизлар, бирор киши мол-мулкда ёки бирор гап-сўзда омонат қолдирса, омонатни адо қиласизлар, фаржларингизни ҳаромдан сақлайсизлар, кўзларингизни номаҳрамларга шаҳват назари билан қарашдан куйи тутасизлар, қўлларингизни бировларни мол-мулкларини ҳаром йўллар билан ўзлаштиришдан тиясизлар'', деб марҳамат қилдилар. Эътибор берадиган бўлсак Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам банданинг дунё-ю охиратда нажот топиш йўлларини шу биргина ҳадисда олтита шарт билан қандай сифатларга эга бўлиши керак эканлигини аниқ равшан  баён қилиб бердилар.

     Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Ёлғончилик салоҳиятли амал эмас илло уч ўринда уни ишлатса бўлади. Биринчиси, урушда, чунки уруш ёлғончилик ва алдовдан иборат. Иккинчиси, ўрталари бузилган икки биродарни яраштириш учун. Учинчиси, киши ўзи ва аразлаб қолган хотини ўртасини ислоҳ қилиш учун'', деб марҳамат қилганлар.

    Тобеинлардан бирлари: ''Билмоқ керакким албатта, ростгўйлик Аллоҳ таолонинг валий бандаларининг зийнатидир. Ёлғончилик эса бахтсизлик аломатидир'', деган  эканлар.

    Шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон киши ростгўй бўлмоғи,  ёлғондан ҳазар қилмоғи, зиммасидаги илоҳий омонатни адо этмоғи керак бўлади. Кишилар ўртасида ўзаро муомаладаги ростгўйлик битмас туганмас барака ҳамдир.

     Аллоҳ таоло барчаларимизни ростгўй, омонатдор бандалари қаторида бўлмоқлигимизни насиб этиб, икки дунё саодатига мушарраф қилсин.

Пайариқ тумани бош имом хатиби Мансуржон Абдухолиқов


Киритилган вақти: 23/01/2020 11:55;   Кўрилганлиги: 1717
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/yolgonchilik-ogir-gunoh
Чоп этилган вақт: 26/04/2024 11:49
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг