Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Касб – ҳунар фазилати

 
 

Ислом дини ўзининг илоҳий ишоралари билан бу дунёда  тинч-омон,  фаровон ҳаёт кечиришга, охиратда саодат аҳлидан бўлишга даъват этади. Албатта Аллоҳ таолонинг фазли карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб–ҳунар билан машғул бўлиши лозим.  Бу эса унга нажот ва бахт келтиради ва  Аллоҳнинг  розилигини топишига васила бўлади. Чунки инсон ҳаёти учун уй – жой , улов, озиқ – овқат  ва  бошқа рўзғор анжомлари, кийим  ва либосларга эҳтиёж сезади. Уларнинг барчаси касб–ҳунар  ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади.  Зеро Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани севади”, деб айтганлар.

Аллоҳ таолонинг  барча пайғамбарлари ва элчилари бирон касб-ҳунар билан машғул бўлиб ҳаёт кечирганлар.  Одам алайҳиссалом буғдой сепган ва уни йиғиб дон қилганлар, донни тегирмондан ўтказиб, уни хамир қилган ва  нон пишириб, истеъмол қилган. Нуҳ алайҳиссалом дурадгор уста бўлганлар. Ибраҳим алайҳиссалом эса баззозлик қилганлар. Довуд алайҳиссалом темирчилик,  Сулаймон алайҳиссалом чўпдан ўлчов ва тарози ясаганлар.  Закарё алайҳиссалом нажжорлик қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом  қўй боққанлар ва тижорат билан шуғулланганлар.  Барчалари ўзлари қилган  касбларидан рисқланиб ҳалол -  пок ҳаёт кечирганлар. Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол  касб–ҳунар билан кун кечиришга ва шу  йўл билан топилган энг яхши нарсалардан эҳсон қилишга буюради:

  “Эй иймон  келтирганлар!  Ўз қўл меҳнатингиз ва биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз ! Шунингдек билингизки, албатта Аллоҳ ғаний   ва мақтовга лойиқ зотдир!” (Бақара  сураси, 267-оят).

Шунингдек, машҳур мусаффир Имом Бағавий шундай дейди: “Бу ояти каримадан касб-ҳунардан топилган нарсаларнинг  энг яхшисидан садақа – эҳсон қилинглар, деган маъно англанади”. Абдуллоҳ ибни Масъуд ва Мужоҳид (р.з) лар айтади:  “Оятнинг мазмунида “Тижорат ва саноат йўли билан касб этилган ҳалол нарсалардан садақа қилинглар”, дейилмоқда. Бу ояти карима яна касб – ҳунар қилиш мубоҳ  яъни мумкинлиги, улар яхши ва ёмонга бўлинишига ҳам  далолат қилади.

Аллоҳ таоло барчамизни касбу–коримизга файз барака бериб, ризқимизни ҳалол йўллар билан топишимизга Ўзи ёру мададкор бўлсин!

Рустамхон ЭРГАШЕВ - Оқдарё тумани  “Қум”  жоме масжиди имом хатиби 


Киритилган вақти: 19/12/2019 14:57;   Кўрилганлиги: 1455
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/kasb-hunar-fazilati
Чоп этилган вақт: 26/04/2024 12:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг