Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Жамият

Ҳаром луқмада ҳаловат йўқ

 
 

Қадим замонда Абдусалом деган бир ҳалол инсон ўтган экан. Унинг якка-ю ягона фарзанди бўлиб, уни жуда яхши кўрар, еру-кўкка ишонмас экан. Кунлар, йиллар ўтиб бола катта паҳлавон йигит бўлиб вояга етибди.

Кунларнинг бирида у отасига маслаҳат солибди:

- Эй, ота! Энди нима касб қилай?

         Отаси: - “Ўғлим, “Бўйнидан боғланган ит овга ярамас”, деган гап бор. Энди сен биронта ҳунар ёки касбни ўзинг танла ва шунга меҳр қўй”, деди.

         Шунда ўғли: - Энг яхши касб - ўғрилик бўлса керак, - дебди.

         Отаси унга: - Майли ўғлим, ўғрилик бўлса ўғрилик-да. Қўшнимизнинг қўйини ўғирлаб кўрчи, деди. Ўғил қўшнининг ҳовлисига кириб, катта бир қўчқорни хонадон эгаларига сездирмасдан ўғирлаб олиб келибди.

         Ота хурсанд бўлиб шундай деди: - Ўғлим, зўр иш қилдинг. Энди иккимиз бир ҳафта уйдан чиқмай, шу қўйни мазза қилиб еймиз.

Хуллас, астойдил бир ҳафта қўй гўштини еб, роҳат қилишибди. Ота-бола гўштни еб бўлгач, биз ўзгардикмикан, деган фикр билан ўзларини тарозида тортиб кўришга қарор қилдилар.

         Ўғил бир ҳафтада уч килога озибди, ота эса тўрт кило семирибди. Ўғил ҳайрон бўлиб отасига боқибди. Шунда оатси кулиб шундай деган экан:

 - Эй, нодон ўғил! Билиб қўй, сен ўғирлаган қўйнинг пулини мен бир кун олдин қўшнига бериб қўйганман. Шунинг учун мен хотиржам семирдим. Кўрдингми, ҳаром луқмада ҳаловат йўқ,  еганинг ўзингга юқмайди, сен ўзингга ҳалол касб танла. Шунда у дунёинг ҳам, бу дунёинг ҳам обод бўлади.

 Илҳомжон МАРДИЕВ - Булунғур туман “Исори Ўроқли” жоме масжиди имом ноиби


Киритилган вақти: 18/02/2020 14:40;   Кўрилганлиги: 1418
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/society/harom-luqmada-halovat-yoq
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 06:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг