Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

САЙЁҲ ФАРИШТАЛАР

 
 

  Аллоҳнинг яратган махлуқотларини ичида Аллоҳга энг кўп итоат қилувчилари фаришталардир. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди:

يُسَبِّحُونَ ٱلَّيلَ وَٱلنَّهَارَ لَا يَفتُرُونَ

“(Фаришталар) Чарчамасдан кечаю-кундуз Аллоҳга тасбеҳ айтадилар. (Анбиё сураси, 20-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳнинг шундай фаришталари борки, улар Аллоҳни зикр қилаётган бандаларни излаб кўчаларда юрадилар. Агар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар: “Қидириб юрган нарсаларингизга келинглар” - деб бир-бирларини чақирадилар. Қанотлари билан уларни (яъни зикр қилиб ўтирганларни) ўраб, қуршаб оладилар-да, уларнинг атрофида тўпланиб, дунё осмонига қадар кўтариладилар”.

 Аллоҳ бандаларининг ҳолатларини яхши билса ҳам, у фаришталардан сўрайди: “Бандаларим нима деяптилар?”

Фаришталар: “Улар сенга тасбеҳ ва такбир айтяптилар ва сени улуғлаяптилар” - дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Улар мени кўрганмилар?” - дейди.

Фаришталар: “Йўқ улар сени кўрмаганлар,” - дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Агар мени кўрганларида қандай бўлардилар?” - дейди.

Фаришталар: “Агар улар сени кўрганларида, сенга янада кўпроқ ибодат қилардилар, сени янада кўпроқ улуғлардилар ва сенга кўп тасбеҳлар айтардилар” , - дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Улар мендан нима сўраяптилар?” -дейди.

Фаришталар: “Улар сендан жаннатни сўраяптилар”, - дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Улар жаннатни кўрганмилар?" - дейди.

Фаришталар: “Йўқ, улар жаннатни кўрмаганлар”, - дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Агар жаннатни кўрсалар қандай бўлардилар?” - дейди.

Фаришталар: “Агар улар жаннатни кўрганларида эди, жаннатга ҳозиргидан ҳам кўпроқ интилиб, жаннатни жуда қаттиқ хоҳлардилар”, - дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Улар нимадан паноҳ тилаяптилар?” - дейди.

Фаришталар: “Улар дўзахдан паноҳ тилаяптилар”, - дейдилар.

Аллоҳ таоло: "Улар дўзахни кўрганмилар?" - дейди.

Фаришталар: “Йўқ, улар дўзахни кўрмаганлар”, - дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Агар дўзахни кўрганларида қандай бўлардилар?" - дейди.

Фаришталар: “Агар улар дўзахни кўрганларида эди, ундан янада кўпроқ сақланиб, кўпроқ қўрққан бўлур эдилар”, - дейдилар.

Аллоҳ таоло: “Гувоҳ бўлинглар, мен уларнинг барча гуноҳларини кечирдим”, - дейди.

Шунда бир фаришта: “Уларни орасида фалончи ҳам бор. У улардан эмас. Фақат бир иш учун келган”, - дейди.

Аллоҳ таоло: “Уни ҳам кечирдим, бу қавм билан бирга ўтирган киши бахтсиз бўлмайди”, - дейди.

Жаҳонгирхон АБОРОРВ - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот котиби, Ургут тумани "Бойбул"жоме масжиди имом-хатиби (манбалар асосида) тайёрланди


Киритилган вақти: 17/03/2020 14:02;   Кўрилганлиги: 1200
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/sayyoh-farishtalar
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 06:38
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг