Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Омонатга хиёнат қилманг!...

 
 

Мунофиқликнинг уч аломати бор, сўзласа ёлғон сўзлайди. Ваъда бериб ваъдасига вафо қилмайди. Омонатга хиёнат қилади. (Ҳадисдан)

Кунларнинг бирида йўлда кетаётиб, жанжалнинг устидан чиқиб қолдим. Икки киши муштлашгудай бўлиб, баралла нималарнидир мухокама қилишарди. Қизиқувчанлигим устунлик қилиб, бир тўда одамлар ичидаги қариядан воқеанинг сабабини сўрадим. Отахон бош чайқаганча, "Омонатга хиёнат - бу жуда катта гуноҳ" - дедию бошқа бирор сўз айтмади. Воқеанинг асл моҳиятини тушунмаган бўлсамда, сабабини англаб етдим. Уларнинг қайсидир бири унга ишонган инсон омонатига хиёнат қилган кўринади.

Шу ўринда бир ҳикоят эсимга тушди. Ўғирлик билан ном таратган ўғрибошининг йўлида бир мўйсафид дуч келиб, бир халта тилло танга берибди-да "Бу омонатимни масжиддан чиқгунимча ушлаб турсанг" деб илтимос қилибди. Ўғри ҳам иккиланмай халтани олибди. Чол эса бемалол намозини ўқиб чиқиб, ўғрибошидан тиллоларни олиб йўлида давом этибди. Бу ҳолатни кўрган ўғрилардан бири нега тиллоларни қайтариб берганини, ўғирлик қилиш учун туғилган қулай имкониятни қўлдан бой берганининг сабабини сўрабди. Шунда ўғрибоши "У менга омонат деб айтди. Қилаётган ишимдан кўра омонатга хиёнат оғир гуноҳ" деб жавоб берибди.

Баъзан шундай ҳикояларни ўқиб ўйланиб қоламиз. "Биз ҳам омонатларга хиёнат қилмаяпмизми?" деган савол ҳаёлимизга келади. Ўз-ўзимизда содир бўлган шундай воқеаларни таҳлил қиламиз. Ўзимизча хулоса ясаймиз. Зеро, энг катта омонатларга хиёнат қилаётганимизни биламизми?!

Аллоҳ томонидан бизга берилган бу азиз жон, умримиз ҳам омонат. Ўтиб бораётган ҳар бир дақиқамиз орқали оғир гунох қилмаяпмизми? Умримизни бекорчи нарсаларга сарфлаб, вақтимизни ютказиб, бировларнинг қалбига озор бериб омонатларга хиёнат қилмаяпмизми?!

Эътиборингизга ибрат бўлиши учун яна бир ҳикоятни тақдим этамиз.

Гавжум бозорнинг чиқаверишида, темирчилик дўконида ёши киркларга кирган киши устачилик билан шуғулланарди. Кунларнинг бирида ёш йигит бозордан тўрт дона нон солинган целофан билан чиқди-ю, нимадир ёдига тушиб безовталанди. Атрофга олазарак қараб темирчининг ёнига келди. Қўлидаги нонларни бериб, нималарнидир тушунтирди ва бозор ичига қайтиб кириб кетди. Орадан вақтлар ўтиб, қоронғу туша бошлади. Аммо бояги йигитдан дарак бўлмасди. Уста хавотир билан йигитни кутар, омонатни бериб, сўнг хотиржам уйга кайтишни хохларди. Лекин йигит келмади. Темирчи эртасига эрталаб бозор ичкарисига кириб, тўртта янги ёпилган нон олиб, дўконига келди. Бугун ҳам куни билан йигитни кутди. Ҳар куни бу холат такрорланар, уста тонгда иссиққина нон солинган целофан билан дўконини очарди. Бироқ омонатнинг эгасидан ҳеч қандай дарак йўқ эди.

Кунлар ўтди. Темирчи қўлидаги омонат билан бозордан чиқаётиб, елкасини тоғдек эзиб турган, тўртта ноннинг эгасини учратиб қолди. Хурсандлигидан унинг ёнига бориб, қўлидаги эндигина тандирдан узилган, иссиққина нонни йигитга узатди. Йигитнинг омонатини топширди ва енгил нафас ола бошлади. Ноннинг эгаси эса хатто бу нарсани унутиб юборганди.

Мана, икки ажойиб ҳикоя. Хулоса чиқариш ва керакли ғояларни олиш ўзингизга ҳавола. Барчамизни омонатга хиёнатдан ўзи асрасин. Аллоҳим ҳар кимга инсоф берсин!!!!

ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 13/01/2020 15:24;   Кўрилганлиги: 129
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/omonatga-xiyonat-qilmang
Чоп этилган вақт: 04/04/2020 17:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг