Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ОИЛАНГ ТИНЧ – СЕН ТИНЧ

 
 

Инсон аслида бахт ва эзгулик учун дунёга келади, шу орзу-умид билан яшайди. Лекин бу билан иш битмайди, у ниятига етиши учун интилиши, ғайрат кўрсатиши, яхшилик кўриши учун яхшилик қилиши лозим. Инсоннинг шаклланишида, ҳаётда ўз ўрнини топиши, эл-юрт ичида иззат-ҳурматга сазовор бўлиши ва юксак одоб-ахлоқ қоидаларини ўзида мужассам этишида оила асосий ўринни эгаллайди.

Оила шундай маконки, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи шахс шаклланади, этник маданият, урф-одатлар, ахлоқий миллий қадриятлар сақланади ва ривожлантирилади, жамият тараққиётини белгиловчи иқтисодий ҳамда маънавий ҳаёт пойдевори қўйилади ва мустаҳкамланади. Оила аҳил, тотув бўлса жамият тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришади, юртда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради.

Оила тинч бўлса, кўнгил хотиржам, ишлар барорли бўлади. Акси бўлса муносабатлар чигаллашади. Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! аёлларнинг қандоғи яхшиси бўлади?” деб сўрашди. У зот: “Эрининг кўзини қувонтирадиган, амрига итоат этадиган, ўзини тутиши ва молини тасарруф этишда эри ёқтирмайдиган ҳолатга йўл қўймайдиган аёлдир”, дедилар (Термизий ривояти).

Оила тушунчаси муқаддас деб бежизга айтилмайди. Чунки, Ватан оиладан бошланади. Оила мустаҳкамлиги - Ватан мустаҳкамлиги, оила тинчлиги - юрт тинчлигидир. Оиланинг Ватан олдидаги бурчи беқиёс. Зеро, оиланинг тинчлигини сақлаш бу ватанни кадрига етиш демакдир. Фарзандларимиз жисмонан руҳан соғлом, тетик бўлмоғи учун биринчи галда ота-оналар соғлом бўлмоқлари лозим. Ҳолбуки, соғлом фарзандлар соғлом ота-оналардан туғилади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишлари – аёлларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини ошириш, оилани ҳар томонлама мустаҳкамлаш, оилада ва таълим тизимида ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг негизида ҳам айнан шу ғоя ётибди.

Айрим фуқароларимиз диний, яъни шаръий никоҳ ўқитиш билан чекланиб қоладилар, бу никоҳ ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас, никоҳ қонуний, яъни ваколатли орган – ФҲДЁ бўлими томонидан қайд қилингачгина, эр-хотинга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келади.

Оила кодексининг 14-моддасида никоҳ тузиш ихтиёрий, деб кўрсатилган. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади. Шунингдек, Президентимизнинг қарори билан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди.

Юқорида айтилганидек, турмуш қуришга аҳд қилган йигит ва қизнинг ўзаро розилиги ва бир-бирига майли, муҳаббати асосида қурилган никоҳ мустаҳкам бўлади. Шу никоҳ асосида дунёга келган фарзанднинг бахти барқарордир. Фарзанд оиланинг гултожи, эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ришталарини боғловчи кўприк.

Ҳар бир ёш мустаҳкам оила қуришни, соғлом фарзандлар кўришни, уларни соғ-саломат, тўрт мучаси соғ вояга етказиб, уларнинг бахтини, камолини кўришни, ўз навбатида, невара ва чевараларга бош бўлишни орзу қилади. ФҲДЁ бўлимига ариза бериб, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб, қонуний никоҳни қайд қилдирган ҳолда турмуш қуриш ҳар бир фуқаронинг қонуний мажбуриятидир. Бу мажбуриятни бажармаслик – катта гуноҳ.

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, кейинги вақтларда барча эътибор ёшларимиз ҳаётига, соғлигига қаратилмоқда. Чунки келажагимиз ёшлар қўлида. Агар улар ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлсаларгина, юртимиз келажаги янада порлоқ, халқимиз ҳаёти тинч ва осуда, турмуши фаровон бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Шукрулло ТЎРАЕВ, Оқдарё тумани “Темуржоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 15/10/2019 10:35;   Кўрилганлиги: 1419
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/oilang-tinch-sen-tinch
Чоп этилган вақт: 26/04/2024 13:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг