Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Одамлар ўртасидаги ўзаро муҳаббат

 
 

"Меҳр берсанг-меҳр оласан", дейди доно халқимиз. Бу оддий қоидага кўра одам бошқаларга меҳр берса, ўзига шундай жавоб қайтади. Бировга меҳр бермаган кишининг бошқадан меҳр кутиши ёки талаб қилиши инсофдан эмас. Атрофидагиларга меҳр кўрсатган одам ҳам Раббисидан савоб олади, ҳам бошқалар муҳаббатини қозонади. Мабодо, одамлар ношукурлик қилиб, номуносиб жавоб қайтарса ҳам, у ҳеч нарса ютқазмайди. Чунки, ҳамма нарса унинг ажру савоблари амаллар китобига нақд бўлиб ёзилади. Инсон Аллоҳ ризоси учун бировларга меҳр-шафқат кўрсатади ва бошқалардан шу муносабатни кўради. Аллох таола бандаларига ўта меҳрибон. Бизни ҳам раҳм-шафқатли, меҳрибон бўлишга буюради. “Ким (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Ким (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида(бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай”. (Анъом сураси, 160-оят).

Парвардигоримизнинг меҳрибончилигини қарангки, сийлашга келганда бирга ўн савоб, жазолашга келганда бирга-бир. Чала меҳр, чала яхшилик ҳам борки, уни қилмаган яхши. Бу истаб-истамай қилинадиган ёрдамдир. Бунда одам қилган яхшилигига жавоб қайтиш-қайтмаслигини ҳисоб китоб қилади. Кўзи етса, ёрдам беради. Йўқса, номигагина кўмак қўлини чўзиб қўя қолади. Бундайлар кун санаб, ой санаб, қилган яхшилигига қандай жавоб қайтишини кутади. Агар жавоб қайтмаса, ўзи ёрдам берган одамдан бирон нарсани рўкач қилиб кўмак сўрайди. Берса, яхши, аммо, имкони бўлиб бўлмай рад жавоби қилса, яхшилигини миннат қилади. Агар қилган яхшилигимизга миннат қилсак, ўша яхшилик ботил бўлади, савоби кетади.

Ислом ақийдаларининг асоси, унинг ахлоқий-ҳуқуқий тамойиллари Қуръони Каримда ўз ифодасини топган. Бу илоҳий китоб ер юзи мусулмонларининг дастури амали, диний аҳкомлар манбаидир. Унда инсонларни меҳр-мурувватли бўлишга ундовчи кўплаб суралар, оятлар келган. “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар”(Тавба сураси 71-оят)  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: Токи мўмин бўлмагунингизча жаннатни кўрмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар”, деганлар. Демак комил мўмин бўлишнинг асосий шартларидан бири бир-биримиз билан меҳр-мухаббатли бўлишимиз лозиму лобуд экан.  Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда аксарият инсонлар мўминликни даъво қилишади-ю, лекин қўшнисига, ака-укасига ҳатто фарзандига меҳрли эмас. Меҳр ҳам худди илмга ўхшайди қанча сарфласанг шунча кўпаяверади фақатгина миннатсиз, таънасиз бўлса, албатта. Ислом дини эса инсонни бундай номақбул ишни қилишдан қайтаради. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳам ушлаб турган бино кабидир”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти) .  

Инсонларга ўзаро муҳаббатли бўлишликда биз учун энг буюк андоза Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдирлар. Макка фатҳ қилинган кунда Қурайш аҳли пайғамбаримизнинг уларга қандай муносабатда бўлишларини билмасди. Расулуллоҳ саллоллоху алайҳи васаллам Макка аҳлига хитоб қилдилар: “Эй Қурайш жамоаси, мен сиз билан қандай муомалада бўламан деб ўйлайсизлар?” Сухайл ибн Амр: “Яхшиликни гумон қиламиз, азиз биродарим, азиз биродаримнинг ўғли”, деди. Набий алайҳиссалом: “Мен сизларга Юсуф алайҳиссаломнинг биродарларига айтган гапларини айтаман: “Бу кун сизларга нисбатан айблов йўқ”(Юсуф сураси 92-оят ), боринглар, озодсизлар”, дедилар. Мана сизга меҳрнинг муҳаббатнинг юксак намунаси, ваҳолангки улар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни суюкли юртларидан чиқиб кетишга мажбур қилишганди. Бизчи бирорта биродаримиздан озгина ситам кўрсак бир умр унга орқа ўгириб ўтамиз.

Аллоҳ таоло қиёмат куни: “Мен учун бир бирларини яхши кўрганлар қани? Иззатим ва буюклигимга қасамки, бугун Мен соямдан бошқа соя йўқ кунда уларни ўз соям(аршнинг сояси) билан уларни соялантираман”, дейди(Табароний ривояти).

Дарҳақиқат, бир мўминнинг ҳурмати Аллоҳнинг наздида Каъбанинг ҳурматидан ортиқдир. Шундай экан инсонларнинг бир-бирларини Аллоҳ йўлида яхши кўришликлари, бир –бирларини йўқлаб қалбларига хурсандчилик улашишлари олий даража олий мақомдир ва бу мақомга эришганлар ҳақиқий иймон лаззатини топадир.

 Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таолонинг бир бандалари бор, улар учун қиёмат куни нурдан минбарлар қўйилади. Улар пайғамбарлар ҳам эмас, шаҳидлар ҳам эмас, лекин уларга пайғамбарлар ҳам шаҳидлар ҳам орзу қиладилар. Шунда : “Улар кимлар Ё Росулуллуҳ?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Улар Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўрганлар”, деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло одамларни бирларига меҳр муҳаббатларини доимо зиёда айласин.

Рашид Равшанов - Нуробод тумани “Нурдум ота” жомеъ масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 13/07/2020 16:01;   Кўрилганлиги: 1709
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/odamlar-ortasidagi-ozaro-muhabbat
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 04:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг