Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Мустаҳкам оила обод турмуш гарови

 
 

Оилада ширин-ширин орзулар оғушида, қалбларга қувонч олиб фарзанд дунёга келади. Ўғилдир, қиздир Аллоҳ берган улуғ неъматдир. Қиз бола улғаяр экан унинг илк ўйнайдиган ўйинчоғи, овунчоғи — қўғирчоқдир. Болалар бирга ўйнашар экан уларнинг бири ота, бири эса она, ўйинчоқлар эса фарзандлари  бўлиб ўйнашади. Балким, шундандир, оила тўғрисидаги тушунча болалигимиздан қон-қонимизга сингиб кетган. Ўзбек халқи шунинг учун ҳам оилани муқаддас деб билади. Ҳақиқатдан ҳам, бошқа халқ турмуш тарзини кузатар эканмиз, биздаги оилага бўлган меҳр-муҳаббат, фидойилик, оиланинг муқаддаслигини ҳис қилиш, фарзанд тарбиясига бўлган муносабат, оилалардаги тотувлик, сабр-тоқат, қаноатлилик, инсоф-диёнат каби ижобий фазилатлар фақатгина ўзбек халқига, ўзбек оилаларига мосдек туюлади кишига. Ҳақиқатдан ҳам мана шундай азизлар! Бизга мана шундай туйғуларни ота-боболаримиз меърос қолдиришган. Улардаги шундай туйғулар бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган.

Дарҳақиқат, оила жамиятнинг бир бўлагидир. Мустаҳкам оила — мустаҳкам жамиятдир. Оилани бир улкан дарахтга ўхшатсак, унинг бақувват танаси ва илдизи сифатида албатта ота ва онани қиёслаймиз. Шундай дарахтнинг шохлари ҳам соғлом ва кўркам бўлади. Илдиз ва тана ота-она экан, бундай соғлом тана ва илдиздан албатта соғлом шохлар, яни соғлом фарзандлар дунёга келади. Шундай экан ота-она ўзаро иноқ, тарбияли, бир-бирини ҳурмат қиладиган, бир-бирини тушунадиган бўлсалар, бундай оилада оқила қизлар ва етук йигитлар вояга етишиб чиқса ажабланмаган бўлардик. Лекин атрофдаги қурт-қумурсқа, шамол-тўзон, ҳар-хил офатлар бор экан, дарахтга ҳам озмунча таъсирини ўтказмай қўймайди. Бундай офатлардан талофат кўриш мумкин. Аммо тана ва илдиз мустаҳкам, соғлом бўлса, ўз шохларини балою офатлардан ўз навбатида ҳимоя қилади, эгилган шохларини эса аста секинлик ила ўз қаддини тиклашга ёрдам беради. Турмушда ҳам шундай нохушликлар учраб туради. Оила устуни албатта эр ҳисобланади. Оила устуни бўлмиш эр ақлли ва ўз жуфти ҳалолидан ҳамма жихатдан устун эканлигини яхши биламиз. Бизга қадим-қадимдан ўтиб келаётган қадимий ва улуғ одатларимиздан биридир. Аёлларга оиланинг тинч-тотувлиги, озодалиги, фарзандлар тарбияси юклатилган бўлса, эркаклар бошига эса оила ташвишлари юклатилгандир. Улар бу ҳаётда заковатли қози бўлмоқликлари ва ҳамма ишни адолатли равишда ҳал қилмоқлари лозим. Эркак-аёлнинг қалқони, болаларнинг паноҳидир. Ҳадисларда эр-хотин, фарзанд, оила ҳақида жуда кўп ибратли сўзлар келтирилган. Аёл ва эрнинг бир-бирига қиладиган вазифалари ва мажбуриятлари мавжуд. Эрнинг хотин олдидаги вазифасидан бири; “Эр ўзи еган овқатдан хотинига ва болаларига едирмоғи, ўзи кийган кийимдан хотини ва болаларига кийдирмоғи шарт”. Бундан ташқари ҳар бир эр аҳли аёлининг юзига урмаслиги, хотинига ёмон сўз айтмаслиги лозим. Аҳли-аёлига яхши муносабатда бўлса, у билан муросаю мударо қилмаса, ўша оилада турмуш лаззати йўқолади. Уйдан файз-у баракот кўтарилади. Эр ҳам, хотин ҳам бундай ишлардан йироқ юришлари, ўзларининг ҳаётлари фарзандларининг келажак ҳаётларини гуллаб-яшнаши учун ва бир умр фаравон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади. Ҳар бир инсон турмуш қурар экан, бир дунё орзу-умидлар қилади. Оиласини дунёдаги энг бахтли оила бўлишини, қўрғошиндек мустаҳкам бўлиб, фарзандлари камолини кўришни бир умр роҳат-фароғатда яшашни, қайнона-қайнота, қариндош-уруғ муносабатларини мустаҳкам бўлишини хоҳлайди. Афсуски, ҳаётда ҳар доим ҳам киши ўйлагандек бўлавермайди, орзулар ҳамма вақт ҳам амалга ошавермайди. Юрагинг тубидаги гапларни баъзан энг яқин кишингга ҳам айта олмайсан, алам ва дардларни кўз ёшларингдан оласан. Дилингдаги гаплар ўзининг аёвсиз қасосини яна ўша бечора кўз ёшларингдан олади ва бир қадар тинчланади. Асосан, кўз ёшни ким тўкади? Албатта, бу аёллар десак муболаға бўлмаса керак. Аёл ҳамма вақт гоҳ шод юрсин, гоҳи қайғуда юрсин фарзандлари ёнида бўлса унинг ғуборлари тарқалиб кетади. Унинг ёнида таянчи борлиги меҳрибони, суянган тоғи шу фарзандлари эканлиги, шуларнинг камолини кўриш унинг учун энг буюк бахт эканлигидан таскин топади. Уларнинг буюк инсон бўлиб етишишига умид боғлайди. Ана шундай жонкуяр оналар ва фидойи эркаклар бор экан, уларнинг қаршисида доимо бош эгсанг арзийди.  Зеро, мана шу табаррук зотлар мустаҳкам оилани барпо қилишади ва обод турмушни шакиллантиришади. Оиласи учун яхшилик қилувчи Аллоҳнинг наздида энг яхши инсон эканлиги ҳадиси шарифда қуйидагича баён қилинган: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муомала килувчингиздир. Мен эса сизларнинг орангиздаги ўз оиласига энг яхши муомала қилувчиман”. Биз ҳам энг яхши инсонлардан бўлишга интилайлик.

 Муслиҳиддин Ҳидоятов, Булунғур туман “Ниёзмат” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 09/10/2019 12:32;   Кўрилганлиги: 82
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/family/mustahkam-oila-obod-turmush-garovi
Чоп этилган вақт: 24/10/2019 08:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг