Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Давр нафаси

 
 

Бу йил ниҳоятда катта қизиқиш билдирилаётган ва интиқлик билан кутилаётган Президентимизнинг парламентга мурожаатномасидан биз – самарқандлик имом-хатиблар, диний идоралар вакилларининг ҳам орзу-умидларимиз, ниятларимиз бисёр.

 

Шу пайтгача давлатимиз раҳбари томонидан икки марта парламентга йўлланган мурожаатномаларида белгилаб берилган вазифалар икки йил давомида амалга оширилди ва бу ҳаётимизда ўзига хос янгиликлар, ўзгаришлар ясади.

Бу йил энди янги сайланган парламентга мурожаатнома ҳам аввалгиларидан кўлами ва аҳамияти жиҳатидан тубдан фарқ қилиши табиий.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, уларни турли ёт ғоя ва оқимлар таъсиридан асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз 2019 йил 27 декабрь куни ёшлар билан учрашувда бу ҳақда яна куюниб гапирдилар. Тўғри-да бизнинг эртанги кунимиз, мамлакатимизнинг эртаси ўсиб келаётган ёшларга боғлиқ.

Баркамол авлодни тарбиялашда ахборот хуружига қарши ғоявий иммунитетни шакллантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Ахборот маконида кўпинча ўз турмуш тарзини ташвиқот қилиш, рақибнинг қадриятлар тизимини обрўсизлантириш каби миллий ўзлик туйғусига қарши қаратилган пинҳоний механизм кучайиб бораётгани ҳар бир фуқарони ҳушёр бўлишга ундайди. Ёшларни интернет тармоғидаги бузғунчи ғоялардан асраш керак. Тан олиш керак ижтимоий тармоқлар орқали кириб келаётган ёт ғоялар ҳаётни ҳали тўла англамаган, оқни қорадан ажрата олмайдиган ўсмир ёшлар онгини заҳарламоқда. Хўш, бу борада нима қилиш керак? Қандай чора кўрсакгина бу муаммонинг олди олинади? Бугун ана шу саволларга жавоб берадиган, мазкур муаммога муросасиз курашиш даври келди.

Бу борада нафақат давлат ва жамоат ташкилотлари балки бутун жамоатчилик ҳамкорликда курашмоғи лозим.

Агар уларга тўғри таълим-тарбия бериб, касб-ҳунар ўргата олсак, замонавий илмларни пухта эгаллай олсалар, бу аввало ўзларининг келажаги учун, қолаверса, юртимиз тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Шу жиҳатдан бу йилги мурожаатномадан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган устувор вазифалар, ташаббусларни кутяпмиз ва уларни амалга оширишга биз ҳам бор билим ва салоҳиятимизни ишга соламиз.

Яна бир муҳим масала – заминимиздан етишиб чиққан ва дунё илм-фани, муқаддас динимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз маънавий меросини ўрганиш ва ундан халқимизни баҳраманд этиш. Бу йил март ойида Самарқандда Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотурудия таълимоти бўйича йирик халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, Имом Доримий, Абу Лайс Самарқандий сингари улуғ боболаримиз ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ анжуманлар ўтказиш кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбарининг мурожаатномаларида ушбу масалалар ҳам қамраб олинишидан умидвормиз.

Биз нима учун бу икки масалага эътибор қаратаяпмиз? Бунинг боиси шундаки, ёшлар таълим-тарбияси ва буюк алломаларимиз меросини ўрганиш бир-бири билан шунчалик узвий боғлиқки, бу жаҳолатга қарши маърифат ғоясини амалга оширишга хизмат қилади.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Манба:ЎзА


Киритилган вақти: 23/01/2020 14:13;   Кўрилганлиги: 1182
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/davr-nafasi
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 06:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг