Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ақийда

Имом Мотуридий бизга қандай мерос қолдирган?

 
 

Абу Мансур Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам хориждаги кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади. Ислом оламида машҳур бўлган “Китоб ут-тавҳид” асари 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулайф томонидан Байрутда, кейинчалик эса Туркияда бир неча бор нашр этилади. Сўнгиси Бекир Туплу ўғли ва Муҳаммад Аручи каби олимлар томонидан 2003 йил Анқарада чоп этилган. 

Тарих фанлари номзоди Шовосил Зиёдовнинг бир мақоласида келтирилишича, мутакаллим ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, ўзи ҳам араб тилида тафсир ва эътиқодга оид “Таъвилот аҳли ас-сунна”ни ёзади. Бундан кўзланган асосий мақсад “Аҳл ас-сунна вал-жамоа” таълимотига зид қарашларни рад қилишдир. Бу асардан эътиқодий масалалар ҳамда фиқҳда кенг фойдаланилади. Абу Мансур Мотуридий бу асарини ёзишда асосан Абу Ҳанифанинг қарашларига суянади. Ушбу китобнинг нусхаси ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. “Китоб таъвилот” асарининг биринчи жилди 1971 йилда Сайид ва Иброҳим Авадайнлар томонидан нашр этилди. Худди мана шу китоб бангладешлик олим А.А.Раҳмон томонидан 1981 йил янги қўшимчалар билан қайта нашр қилинди. Асарнинг чоп қилиниши Мотуридий каломига оид бир қатор мақолаларнинг ёзилишига сабаб бўлди. Ф.Сезгин ўзининг “Араб қўлёзмалари тарихи” китобида “Китоб таъвилот” асарининг дунё фондидаги нусхалари ҳақида қимматли маълумот беради. Сўнгги йилларга келиб унинг тўлиқ нашрлари ҳам амалга оширилди. 2004 йил Фотима Юсуф Хайми томонидан 1-5 жилдлари Байрутда нашр этилди. Яна бири Муждий Баслум томонидан тайёрланган бўлиб, 2005 йил Қоҳирада “Мактабат ул карамат” нашриётида чоп этилган. Энг сўнгги 2008-2009 йиллардаги илмий нашри Туркиядаги “Дарул мезон” нашриётида етти жилдда чоп этилди.

Хўш, калом ўзи нима ва у қандай илм? Калом илми ўрта асрларда фалсафий-диний фикрлар ва диннинг назарий асосларини ўрганиш, ислом ақидаларига эътиқод этиш ҳақидаги билимларни ифодалаган. Бирон-бир динга мансуб шахс учун мажбурий ҳисобланган, ҳар қандай шароитда муҳокама қилмасдан эътиқод қилиниши лозим бўлган диний талаблар мажмуига нисбатан ақлий мулоҳаза юритиш жараёнида у махсус билимлар тизими сифатида вужудга келди. Калом – “илмул калом” атамаси кенг маънода ўрта асрлар мусулмон адабиётида диний-фалсафий мавзуларда (жумладан, насронийлик ва яҳудийликда ҳам) эркин фикр юритишга нисбатан қўлланган, тор маънода эса ақидапарастлик, яъни динда обрў-эътиборли ҳисобланган шахслар – пайғамбар, саҳобаларга тақлид йўли билан эмас, балки Қуръон ва сунний таълимотни ақл-идрокка мос талқин этиш, тафаккурга суяниб иш юритишга нисбатан ишлатилган. Ҳадис илми пайғамбаримиз томонидан ривоят қилинган гап ва ишларни, фиқҳ илми шариат қонунчилигини, калом илми эса ислом динида эътиқод қандай бўлишини ўргатади. Мотуридия ақидаси Қуръон, ҳадис ва ақл-идрок, мантиқ ва ҳақиқатга яқин экани билан бошқа таълимотлардан ажралиб туради. Абу Мансур Мотуридий ўз таълимоти билан боғлиқ аксарият фикрларини “Китоб тавҳид” асарида баён этган. Хусусан, ўзга тоифадаги фирқаларга қарши шундай сўзларни айтади: “Улар тафаккур ва тадқиқ билан қарасалар эди, Аллоҳ таоло ҳам бандаларини тафаккур ва тадқиқот, ибрат ва тажриба билан иш қилишга буюрганини тушунар эдилар, ибрат ва тафаккур эса илм манбаларидан биридир”.

Бу таълимот муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий шунга чек қўяди ва бу ўлкада ягона ақида тизимини (яъни ҳанафийа мазҳаб асосида) ўрнатади. У барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб беради. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади. Мутакаллим ислом илоҳиётидаги қазо ва қадар (яъни инсон тақдири) ҳақида ҳам мулоҳазаларини баён этган. У инсонда танлаш эркинлиги бор деган иборани қўллаган. Яъни инсон қандай ишни лозим топса, ўшани бажариши керак. Аллома инсон қандай йўлни танлаши ўз ихтиёрида эканига алоҳида урғу беради. Бу эса ҳозирги демократиянинг асосини ташкил этади.

Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди.

 Б.ШАРИПОВ - Самарқанд тумани бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 24/02/2020 15:04;   Кўрилганлиги: 207
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/aqidah/imom-moturidiy-bizga-qanday-meros-qoldirgan
Чоп этилган вақт: 02/06/2020 02:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг