Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши….

 
 

Бир неча йилдан буён хорижда ишлаган хотин, ниҳоят, ортга қайтишни ихтиёр этди. Чиптага буюртма бергач, уйига сим қоқиб, эрига бир ой нари-берисида бориб қолишини маълум қилди. Бу пайтда эри бошқа бир давлатга боришни режа қилган, бунинг учун барча ҳужжатларни расмийлаштириб, ҳатто чипталар олинган, учиб кетишига атиги бир ҳафта қолган эди. Эр-хотин бирга яшашмаганидан кейин аҳвол шу-да: режаларни ҳар ким ўзича ҳал этар, ўзаро маслаҳат деган нарса унут бўлиши ҳеч гап эмас экан. Эр нима қилсин энди: хотинини кутгани афзалми ёки сафарни совутмасинми?! Эр кўп ўйлаб ўтирмади: сафарга кетавераман. Ҳужжат тўғрилаш, чипта ва бошқа харажатларга озмунча пул сарф қилдимми?! Юрт кезмоқдан муддао саёҳат эмас, уч-тўрт танга топмоқ, ахир!

Алқисса, эр жомадонни қўлтиқлаб сафарга кетди. Энди у  икки йилда келадими ёки ундан ҳам кўпроқ муддатдами – Худо билади. Аввал борволсин, қолгани бир гап бўлар…  Агар сафари хотининики сингари бир неча йилга чўзилса,  эр-хотин бир-бирини кўрмаганига ўн йиллар тўлиши аниқ…

…Бу мисолда муболаға йўқ. Бундан  баттарларига ҳам мисоллар бисёр. Ёмоники, бундайларни на эр-хотин, на бир-бирига номаҳрам деб бўлади. Номаҳрам дейилса, ўртадаги никоҳга шаръан нуқта қўйилмаган, эр-хотин дейиш учун ҳам  шаръий асос кундан кунга қувватини йўқотиб бормоқда. Икки ўртада иккалалари ҳам гуноҳга ботаётибди, холос. Ахир, эр-хотин дегани бир ёстиққа бош қўйиб,  ҳар ким зиммасидаги бурчини  сидқидилдан адо этиб, Аллоҳнинг розилигини топмоқ эмасми?!

Тўғри, ўзга юртларга ҳеч ким ҳавас учун бормайди. Лекин ҳар нарсанинг меъёри бўлганидек, хорижда юришнинг ҳам меъёри бўлиш керак. Азбаройи тирикчилик, яшаш, бола-чақани бирор нимага муҳтож қилмаслик  илинжида йиллар хорижда юришларни барибир ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Ҳақиқат юзига тик қараб айтадиган бўлсак, биров очдан ўладиган ёки ишлайман деган одам  косаси оқармай қоладиган замон эмас ҳозир. Йиллаб мусофирликда юриб топган пул бола-чақага вақтида берилмаган меҳрнинг ўрнини ҳеч қачон қоплай олмаслиги ҳақиқат, ахир?! Меҳр кўзда, деган гапга таянадиган бўлсак, узоқ вақт бир-бирини кўрмай келган эр-хотин ўртасида қандай ришта қолиши мумкин?!

Ислом шариати фарзанд тарбияси борасида мукаммал тарзда кўрсатмалар бериб қўйган.  Бандалардан уларга амал қилишгина қолган, холос. Зеро, эртанги куннинг порлоқ бўлиши бугунги авлодга юз фоиз боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Давлатимиз сиёсатининг устувор мақсад ва вазифаси ҳам айнан эртанги кун эгаларини ҳар томонлама камол топтиришдир. Йиллаб фарзандининг чеҳрасини кўрмай юрган ота-оналар уларни ҳеч нимадан кам қилмалиги мумкин, бироқ вақтида берилмаган меҳр, тарбия-чи?! Улар ўрнини   пул билан тўлдириш мумкинми?!

Фарзандлар доимо ота-оналари томонидан панду насиҳат эшитиб боришлари керак. Улар ҳаётнинг гули, Аллоҳ таоланинг инсонга берган энг буюк неъмати, дунё ва охиратда кўз қувончи ёки ҳасрат-надомат боисидир. Ушбу неъматнинг шукри  ота-оналик мажбуриятларини адо этиш, гўзал хулқ ва яхши амалларни ўргатиш  билан бўлади. «Таҳрим» сурасининг 6-оятида шундай марҳамат қилинган: «Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)». Ояти карима мазмунидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугун пул топаман деб фарзандлари ва аҳлидан узоқда юрганлар айни шу хатти-ҳаракатлари билан уларни охиратда қаттиқ азобга  тушишига сабабчи бўлиб қолиши мумкин экан. Аллоҳ шундан сақласин.

Эр-хотин ўртасидаги муносабатга ҳам ислом шариатида катта эътибор қаратилган. Жуфт бўлиб яшашнинг моҳияти, оила қуришдан қандай мақсадлар кўзланиши лозимлиги, ҳар икки тарафнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат экани динимизда батафсил ёритилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Рум, 21).

Демак, инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб берилишини ушбу оятда «сокинлик топишингиз учун» дейилмоқда. Шундай экан эркак сокинлик, ором, хотиржамликни фақатгина рафиқаси ҳузуридагина топади. Аёл ҳам ўзига керак бўлган сокинликни эркакдан топади. Бу сокинликка интилиш табиий эҳтиёж… Энди бир неча йиллар бир-биридан узоқда яшаган эр-хотинларнинг ҳолатини қандай баҳолаш мумкин? Минг афсуски, баъзи бир эркаклар, янада ачинарлиси, баъзи аёлларимиз жуфтлари ёнларида бўлмагач, сокинликни номаҳрамлар ҳузуридан излаб қоладилар…

Унутмайлик, аёл иқтисодий жиҳатдан туғилганидан умрининг охиригача таъминланган. Дастлаб отаси, у бўлмаса бошқа валийлари, сўнг эри, у вафот этса, фарзандлари унинг нафақасини бериб туришга масъулдирлар. Динимиз аёлга пул топиб ўз эҳтиёжларини қондиришни юкламаган. Қуръони каримда «Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», дея аёлнинг барча нафақаси ота, яъни эрнинг зиммасида экани таъкидланган. Бордию, унинг яшашига кафил бўлганлардан ҳеч бири бўлмаса, ушбу вазиятда аёл зарурат миқдорида, ватанидан чиқмаган ҳолда, пул топиш учун меҳнат қилишига рухсат берилган.

Мусулмон аёл, токи унинг билан эри ёки маҳрами бўлмас экан, сафар масофасига боришини ислом шариати таъқиқлайди. Имом Муслим Абу Саид ал-Худрийдан қилган ривоятда шундай дейилади:

«Расулулоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёл, у билан бирга эри ёки маҳрам қариндоши бўлмас экан, уч кундан ортиқ сафар қилиши мумкин эмас», дедилар». Ҳозирги вақтда сафар масофаси ўртача 100 километр атрофида белгиланган. Бундан эса аёл кишига, ҳаттоки, бир вилоятдан бошқасига маҳрамсиз бориши мумкин эмаслиги келиб чиқади. Эътиборлиси шуки, жумҳур уламолари маҳрами йўқ аёлга, агар у бой бўлса ҳам, ҳажга боришга рухсат бермаганлар. Бу шаръий талабни хотин киши, айниқса, эркаклар асло унутмаслиги керак. Оилада хотиржамлик, ўзаро ҳурмат барқарор экан, у ерга Аллоҳнинг баракаси ёғилади. Аллоҳнинг баракаси ёғилиб турган хонадон вакилларининг эса хорижга чиқиб, пул топишга эҳтиёжи қолмайди. Шуни унутмасак, бас.

 Хасанхон Темиров,ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги мутуҳассиси


Киритилган вақти: 06/08/2020 14:34;   Кўрилганлиги: 876
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/uzoqning-bugdoyidan-yaqinning-somoni-yaxshi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 19:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг