Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мотуридийлик таълимотида иймон масаласи (2-мақола)

 
 

 Имом Мотуридиий ва мотуридийлик йўналиши уламолари ҳанафийлик анъаналарига мос тарзда, балки ақидавий таълимотни янада ривожлантириб, ҳар томонлама мукаммал тарзда ўз даврларида юзага келган масалаларга жаваоб берганлар. Жумладан, улар юқорида зикр этилган иймон ва бошқа ақидавий масалаларни Қуръон ва суннага мос тарзда ечиб, жумладан, иймон шартига амалнинг кирмаслиги, унинг зиёда ва ноқис бўлмаслигини далиллар билан доимо таъкидлаб келдилар. Чунки, қайси бир юртимизда етишиб чиққан соҳа олимларининг асарларини олсак, айнан ушбу масала бўйича якдил қараш, яъни иймон бу – қалб тасдиғи ва тил иқрори эканлиги ҳамда у зиёда ва ноқис бўлмаслиги, ҳар бир қалбида иймони бор киши комил иймон соҳиби эканлиги, амал эса иймондан ташқари нарсалиги таъкидланган.

Аммо бошқа йўналиш ва оқимлар (ҳозирги кунда юзага келган мутаассиб оқимлар ҳам) иймон тил билан иқрор, дил билан ишониш ва амалларни бажаришдир деб таъкидлайдилар. Бу қарашнинг асослари етарли даражада эмаслиги ҳанафийлик олимлари асарларида Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг тўғри шарҳлар асосида аниқ исботланган ва шак-шубҳага ўрин қолдирилмаган. Бу борада юртимиздан етишиб чиққан соҳа олимларининг сўзлари алоҳида аҳамият касб этади.

Авваламбор, имом Мотуридий таъкидлагандек, “иймон” сўзининг маъноси “тасдиқлаш”дир. Шунинг учун имом Мотуридий энг аввало сўзининг луғавий маъносидан ташқарига чиқмаслик лозимлигини таъкидлаган, сўнг оятларни келтириб, уларни бирма-бир шарҳлаб берган ва ушбу қарашнинг тўғрилигини исботлаган. Жумладан, “Бақара” сурасининг 3-ояти шарҳида шундай дейди:

 الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ

Улар ғайбга иймон келтирурларояти барча тоат-ибодатлар иймондир дейдиганларга раддиялар. Чунки, оятда намоз, закот каби тоат-ибодатлар зикр этилмасдан, мўинларнинг ғайбга иймон келтирганлари учун бу ном уларга мансуб қилинмоқда.

Шуниндек, “Бақара” сураси, 8-оятида кишиларнинг орасида тилда иймон келтирдик, дейдиганлар бор бўлиб, уларнинг иймон соҳиб эмасликларини, яъни мўмин эмасликларини зикр этилишига кўра иймон бу қалб билан тасдиқлаш эканлигини таъкидлайди. Ҳамда ушбу мазмундаги оятлар карромийларга раддия эканини зикр этади, чунки улар иймон тил билан иқрор бўлиш бўлиб, дил билан тасдиқлаш унга кирмайди, деганлар.

Имом Мотуридий хорижий, мўътазилий, карромий, ҳашшавий оқимларнинг иймон ҳақидаги қарашларини ботил эканлигини зикр этиб, Қуръондаги “Эй, иймон келтирганлар...” жумласининг ўзи иймоннинг тасдиқ эканлиги ва қалбда бўлишига далил қилиб келтирган. Шунингдек, иймон бу маълум чегарага эга ном эканлигини айтади.  

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 15/02/2020 13:59;   Кўрилганлиги: 1184
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/moturidiylik-talimotida-iymon-masalasi-2-maqola
Чоп этилган вақт: 27/04/2024 00:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг