Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ислом - зўровонликка қарши

 
 

Аллоҳ таоло инсонни яратар экан, Ўзига ибодат қилиш баробарида ер юзини одоб қилиш вазифасини топширган. Ислом таълимотидаги асосий даъват - инсонларни тинчлик ва хотиржамликка чақириш, ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр – мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар ўзаро бағри кенгликка чорлайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Бақара” сураси, 208-оятида шундай марҳамат қилади:

         “Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир”.

         Ушбу оятда “Исломга тўлиғича кирингдеб даъват этилмоқда. Маълумки, Исломнинг маъноларидан бири тинчликдир. Демак, тинчликка ёппасига киришиш - барча инсонлар ҳамфикр ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлиги, бошқа жиҳатдан эса, тинчликни барқарорлаштириш учун ҳамма чоралар қўлланиши зарурлиги маълум бўлади. Тинчлик ишига кирмаслик шайтоннинг изидан эргашишдир.

         Бугунги кунда ўзларига ҳар – хил номларни қўйиб олиб, Исломга зид бўлган ақидапараст оқимларнинг қилаётган жиноятлари, зўровонликлари мутлақо Ислом таълимотига зиддир. Ўзларига қандай номларни қўймасин, нималарни даъво қилмасин нотинчлик ва зўровонлик тарафдори экан, улар шайтоннинг изидан эргашганлардир.

         Баъзан жамиятимизда зўравонлик, ўзгалар молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, фирибгарлик, ўз жонига қасд қилиш, ҳатто одам ўлдириш каби жиноятлар содир этилмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон кишига бошқа мусулмоннинг қони, моли ва обрўсини тўкиш ҳаромдир” дея марҳамат қилдганлар. Мусулмон киши ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, ўзгаларга астойдил яхшилик қилишга интилиши зарур. Чунки, яхшилик йўлида қўйилган ҳар – бир қадам учун улуғ ажрлар бор. Ота – боболаримиз дину-диёнат, одобу–ахлоқ, ор-номус, ҳалолу-поклик каби ишларда дунёга устозлик қилишган.

         Бугунги кунда инсонларнинг молига, жонига ва обрўсига тажовуз қилаётганлар нафақат амалдаги қонунчилигимиз балки, соф Ислом динимиз, ўтган буюк аждодларимизга нисбатан хиёнат қилмоқда.

         Жамиятимизда учраётган ҳар қандай жиноят ва зўравонликларга қарши биргаликда курашмоғимиз лозим.

Анвар НАЗАРОВ - Каттақўрғон шаҳар “Муҳаммад Нақиббек” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 15/11/2019 14:25;   Кўрилганлиги: 459
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/islom-zorovonlikka-qarshi
Чоп этилган вақт: 11/08/2020 20:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг