Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Учрашувлар, семинарлар, брифинглар

“Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция бўйича тавсиялар қабул қилинди

 
 

Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференциянинг ялпи мажлиси бугун, 4 март куни ўз ишини давом эттирди. Унда Конференция иштирокчилари томонидан олға сурилган таклифлар бўйича шакллантирилган тавсиялар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида буюк алломаларимизнинг диний-маънавий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга ихтисослашган илмий тадқиқот марказларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва илм-фан тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятларини соғлом англаш ва уларга садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро миқёсдаги ҳамкорлик ва мулоқотларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг таъсис этилгани иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар, жумладан, Тошкентда – Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухорода – Мир Араб олий мадрасаси ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд маркази қошидаги Тасаввуфшунослик мактаби,  Самарқандда – Имом Бухорий ёдгорлик мажмуидаги Ҳадисшунослик мактаби ҳамда Имом Мотуридий маркази қошидаги Калом илми мактаби, Фарғонада – Бурҳониддин Марғиноний илмий марказидаги Ислом ҳуқуқи мактаби, Қашқадарёда – Абул Муин Насафий маркази қошидадаги Ақида илми мактабининг ташкил этилгани хорижлик мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди.

Конференцияда Имом Мотуридий меросининг бугунги мутаассиб оқимларга қарши курашдаги ўрни ва аҳамияти борасидаги маърузалар тингланди. Шунингдек, экстремизм ва терроризм келтириб чиқараётган оқибатлар, уларга қарши кураш бўйича  халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳамда Имом Мотуридий ва Абул Муин Насафий каби алломалар илмий мероси асосида бузғунчи ғояларга раддиялар тайёрлаш ва кенг жамоатчиликка етказиш масалалари муҳокама қилиниб, қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди:

Имом Мотуридий хизматларининг эътирофи ҳамда бугунги ва келажак авлодларга ибрат рамзи сифатида унинг Самарқанд шаҳридаги мақбараси ҳудудида миллий меъморчилик анъаналарига асосланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш;

Хорижий фондларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридия калом мактаби алломалари қаламига мансуб асарларнинг электрон нусхаларини жамлаш, сақлаш ва келгуси авлодга етказиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш;

Имом Мотуридийнинг  маънавият камолотидаги ўрнини муносиб баҳолаган ҳолда,  аллома асарларининг изоҳли нашрларини амалга ошириш, унинг ҳаёти, фаолияти ва маънавий мероси тарбиявий аҳамиятига бағишланган туркум рисола ва монографияларни яратиш;

Мотуридия таълимотидаги ақл, тафаккур ва илм масаласига бўлган ёндашувларнинг  “Китоб ат-тавҳид”, “Таъвилот аҳл ас-сунна” ва “Табсират ал-адилла” каби асарлар асосидаги кенг жамоатчиликка мўлжалланган оммабоп шарҳларини яратиш;

“Ислом – одамийлик ва маърифатпарварлик дини” концепцияси асосида мотуридия таълимоти контекстидаги онтологик тадқиқотларни йўлга қўйиш;

Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий ва мотуридия таълимотининг бошқа вакиллари қаламига мансуб асарларнинг қадимий қўлёзмалари асосидаги танқидий нашрларини амалга ошириш ҳамда уларни ўзбек тилига таржима қилиш.

Баён этилган вазифаларни юксак савияда амалга ошириш мотуридийшунос олимлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни тақозо этади. Бунинг учун уларнинг муайян даврийлик асосидаги “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусидаги илмий-амалий мулоқотларини йўлга қўйиш, жумладан, онлайн-конференциялар ва семинарлар ўтказиб туриш зарур.

Шу билан илмий конференция ўз ишини якунлади. Энди куннинг қолган қисмида иштирокчилар Самарқанд вилоятидаги тарихий обида ва зиёратгоҳлар, Имом Мотуридий ва Имом Бухорий ёдгорлик мажмуалари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактабига ташриф қиладилар.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборат хизмати


Киритилган вақти: 04/03/2020 12:14;   Кўрилганлиги: 291
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/seminars-briefings/imom-abu-mansur-moturidiy-va-moturidiya-talimoti-otmish-va-bugun-mavzusidagi-xalqaro-konferentsiya-boyicha-tavsiyalar-qabul-qilindi
Чоп этилган вақт: 31/03/2020 05:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг