Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Юртимиз бўйлаб таҳоратхона ва намозхоналар қурилади

 
 

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси парталига “Ўзбекистон Республикасида туризм хизматларини янада диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, моддий маданий мерос объектлари ҳудудларида жойлашган, диний тадбирлар ва маросимлар, намоз ўқиш ва ибодат учун мўлжалланган диний биноларга ташриф буюрган шахслардан тўлов ундириш тақиқланади.

Ушбу ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги “Вақф” хайрия жамоатчилик жамғармаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Ўзбекистон туризм магистрали” (Хонобод-Мўйноқ) бўйлаб туристлар учун зарур инфратузилма объектлари (кафе, савдо нуқталари, маълумот бурчаги, дам олиш ва кўнгилочар жойлар, таҳоратхона ва намозхоналар) яратиш бўйича Ислом тараққиёти банки маблағларини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилаётгани маълум қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Давлат туризм қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши белгиланган:

– туристлар учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида жамоат жойларида таҳорат ва ибодат қилиш жойларига хос намунавий талаблар;

– зиёрат қадамжоларида бўлиш, маданий ва ибодат биноларини зиёрат қилиш қоидалари.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси шу йил 28 февралигача давом этади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати


Киритилган вақти: 19/02/2020 17:51;   Кўрилганлиги: 1011
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/yurtimiz-boylab-tahoratxona-va-namozxonalar-quriladi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 16:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг