Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Ёш оила қурувчилар мактаби самара бермоқда

 
 

Жорий йилда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги ҳамда вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида жойлардаги ФҲДЁ бўлимлари қошида “Ёш оила қурувчилар мактаби” ҳамда “Оила Дорулфунуни” махсус ўқув курслари ташкил этилди.

Жамиятимизда қурилаётган оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, бахтиёр оилалар сонини ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу ўқув курслари ҳар ҳафтанинг сешанба куни вилоят бўйлаб ФҲДЁ бўлимларида турмуш қуриш учун ариза билан мурожаат қилган ёшлар иштирокида бўлиб ўтади.

Учрашувда ҳаёт тажрибасига эга, чуқур билимли имом хатиблар ёш оила қурувчиларга оила масъулияти, эр-хотиннинг ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари, поклик, умр ҳою-ҳавасдан иборат эмаслиги каби муҳим масалалар бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.

Ёшларни оилага тайёрлаш, тўйдан кейин юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликлар, кўнгилхираликларнинг олдини олиш, жамият орасидаги турли хил миллатимизга ёт бўлган урф-одатларнинг урчишига барҳам бериш, ёшларнинг ота-оналари олдида кўплаб талабларни қўйишидан насиҳат йўли билан қайтариш, тўйларимизни рисоладагидек камхарж ва серфайз қилиб ўтказишда ушбу тадбирлар муҳим ўрин тутмоқда ҳамда ўзининг дастлабки одимлариданоқ самара кўрсатмоқда.

Булунғур туман бош имом хатиби Т.Равшанов томонидан ёш жуфтликларга қилинган насиҳатлар натижаси ўлароқ бир уйланаётган йигит ўртоқларининг тўй кортежи учун йиққан пулларини ихтиёрий равишда иқтисодий жиҳатдан бироз қийин ҳолда турган отасига кўмак тариқасида келтириб бергани ва бундан ота шодланиб имомга ташаккур айтганини “Ёш оила қурувчилар мактаби” ҳамда “Оила Дорулфунуни” махсус ўқув курсларининг амалдаги дастлабки манфаатларидан бири деб эътироф этиш мумкин.

Саноқли иштирокчилар билан бошланган учрашувлар ҳозирда ҳар битта ФҲДЁ бўлимида 30-40 та жуфтликлар иштирокида ўтказиляпти. Ҳаттоки, турмуш қурганларнинг ўз қизиқиши тақозоси билан иштирок этиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти.

Бўлиб ўтаётган учрашувларнинг янада самарали ва серманфаат бўлиши учун вилоят вакиллиги томонидан махсус тезис ишлаб чиқилиб, жойларга етказилган. Маърузачи имом хатиблар мазкур тезис ва бошқа манбалар асосида ўз устларида ишлаб, таъсирли ва жонли равишда ёшларга керакли тушунчаларни бериб келмоқдалар.

Хайрли ниятлар билан бошланган ушбу тадбир бардавом бўлиб, бахтиёр оилаларнинг барпо этилишида мустаҳкам хизмат қилиб боришига умид қилиб қоламиз.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 31/10/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1357
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/news/yosh-oila-quruvchilar-maktabi-samara-bermoqda
Чоп этилган вақт: 22/11/2019 07:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг