Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Йил якуни: илғор имомлар тақдирланди

 
 

2017 йил 27 декабр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигида йил якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Байрамона руҳда ташкил этилган тадбирда вакиллик раҳбарияти, ходимлари, устоз домлалар, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда йил давомида намуна кўрсатган имом хатиблар иштирок этдилар.

Махсус сцинарий асосида олиб борилган тадбирда вилоят бош имом хатиби ўринбосари Хайрулло Сатторов бошловчилик қилди.

Дастлаб вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов йиғилганларга йил давомида олиб борилган ишлар бўйича ҳисобот ўқиб эшиттирди. Жумладан, аҳоли билан олиб борилган ўрганиш ишлари, ҳал этилган қатор муаммолар, имом хатиблар салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилган “маънавият соат”ларининг самаралари, ФҲДЁ бўлимларида ёш оила қурувчилар билан ўтказилиб келинаётган учрашувларнинг ижобий натижалари ва ушбу тажрибанинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эътироф этилганини таъкидлади.

Шунинг билан бирга йўл қўйилган камчиликлар борасида ҳам тўхталиб ўтиб, уларни таҳлил қилиш, хулосалар чиқарган ҳолда келгусида вазифага янада жиддийроқ ёндашиш лозимлигини айтиб ўтди.

Янги йилда қилиниши лозим бўлган ишлар бўйича ҳам кўрсатма ва топшириқлар бериб, самарали фаолият олиб боришга доир қатор таклифлар билан ўртоқлашди.

Маъруза сўнгидан тақдирлаш маросимига ўтилди. Совғалар вилоятда диний соҳада кўп йиллардан бери хизмат қилиб келаётган устоз домлалар томонидан ўз эгаларига топширилди.

Йил давомида кўплаб хизмат қилиб, самара кўрсатган, ўзининг меҳнати, жонкуярлиги, фидоийлиги билан бошқалардан ажралиб турган 28 нафар имом хатиблар вилоят вакиллигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тақдирлаш маросими “ибратли имом”, “энг фаол тарғиботчи”, “ОАВ бўйича “энг фаол имом” каби қатор номинациялар асосида олиб борилди.

Байрамона ўтказилган тадбир сўнгидан иштирокчилар учун зиёфат дастурхони ёзилди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 27/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2255
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/yil-yakuni-ilgor-imomlar-taqdirlandi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 12:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг