Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Вилоятимизнинг чегара ва олис ҳудудларига ташрифлар давом этмоқда

 
 

Бугун, 13 ноябръ куни вилоятимизнинг чегара ва олис ҳудудларида жойлашган масжидларга тажрибали ва салоҳиятли имом-хатибларнинг Жума намозига ташрифи режаси юзасидан Баҳодур домла Шарипов Ургут туманида жойлашган “Сойғўс” жоме масжидига, Хайрулло домла Дўстмуродов Ургут туманида жойлашган “Мурод ота” жоме масжидига, Озод домла Назаров Ургут туманида жойлашган “Мулла Тўрақул” жоме масжидига, Самариддин  домла Мирзаев Нарпай туманида жойлашган “Сўфи Зирак” масжидига,  Бобохон  домла Бобохонов Нарпай туманида жойлашган “Мирараб” масжидигаташриф буюрдилар.

Имом домлалаларимиз мазкур масжидларда йиғилган намозхонларга “ИСЛОМДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК МАСАЛАСИ” мавзуси асосида сермазмун маъруза қилдилар.

Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган.

Шукрлар бўлсинки, халқимизнинг қон-қонига миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сингиб, айни пайтда юртимизда 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб келмоқдалар.

Маълумки, Исломда миллат ажратиш йўқ. Кишиларни миллатига қараб ажратиш жоҳиллик ва илмсизлик ҳисобланади. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳам ораларида турли миллатга мансуб зотлар бор эдилар. Масалан, машҳур саҳобаи киромлардан Салмони Форсий разияллоҳу анҳу форс, Билол Ҳабаший разияллоҳу анҳу ҳабаш миллатига мансуб бўлганлар. Суҳайб Румий разияллоҳу анҳу эса, румлик бўлганлар.

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларни, тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин! Омин!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 13/11/2020 16:55;   Кўрилганлиги: 778
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/viloyatimizning-chegara-va-olis-hududlariga-tashriflar-davom-etmoqda
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 12:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг