Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ТЎЙЛАРИМИЗ - ЎЙЛАРИМИЗ

 
 

Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топаяпди. Буларни эшитиб баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.

Ш.М.Мирзиёев

XX аср бошларида яшаган маърифатпарвар Абдулла Авлоний: «Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этишлик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқларига қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмоқдадур. Тўй деган ерда муқаддас ватанини сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмоқ керак? » - дея надомат билан ёзган, бу иллатлардан қутулмоқ йўлларини излаган эди.

Афсуски, орадан бир аср ўтиб бугун ҳам миллатимиз зиёлилари шу ҳақда бош қотиришга мажбур бўлмоқда.

Дарҳақиқат, тўй – тантаналар, маърака-маросимлар ўтказиш билан боғлик иллатлар хар бир даврда шаклини ўзгартирган ҳолда намоён бўлмоқда. Шунинг учун ҳам 1998 йили мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака-маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш борасида фармони эълон қилинганди. Унда фуқароларимиз сармояни тўйлар учун ортиқча сарф қилмасдан, тежалган маблағларни келажак авлоднинг соғлом ўсиши, илм олиши, турмуш тарзини яхшилаш, маънавиятимизни янада юксалтириш ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун ишлатиш масаласи ўртага ташланган эди.

Жорий йилнинг 3 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан учрашувдаги маърузасида бу масалага яна бир бор эътиборни қаратди ва тўй-маракаларни дабдабобозликларсиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш, шуҳратпарастликка барҳам бериш йўлларини ҳам кўрсатиб ўтдилар.

Хўш, Президентимизнинг бу кўрсатмаларини ҳаётдаги амалий ифодасини таъминлашда маҳалла фаолларининг роли қандай? Маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари малакасини ошириш курси тингловчилари билан ўтказилган давра суҳбатида асосий эътибор мана шу масалаларга қаратилди. Тадбир интерфаол усулда ўтказилиб, савол-жавоб ва мулоҳазаларга бой бўлди.

Н.Темирова - ЎМИ Самарқанд вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 10/10/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1160
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/news/toylarimiz---oylarimiz
Чоп этилган вақт: 22/11/2019 07:44
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг