Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ веб сайти

 
 

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлигида Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш Маркази UZINFOCOM томонидан буюк соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарининг веб-сайт кўриниши ташкил этилди.

“...Бизнинг тарихимизда Амир Темурдек улуғ сиймо бор экан, унинг қолдирган мероси, панду ўгитлари бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг экан, олдимизда турган бугунги муоаммоларни ечишда бизга қўл келаётган экан, бизнинг бу меросни ўрганмасдан, таърифламасдан, тарғибот қилмасдан ҳаққимиз йўқ” деб айтган мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримовнинг сўзлари веб-сайтнинг бош саҳифасига жойлаштирилган.

Веб-саҳифа Темур тузуклари, солнома, эҳтиром ҳамда қизиқарли маълумотлар каби бўлимлардан ташкил топган. Шунингдек, веб-сайтда Темур тузуклари асарининг электрон китоб шакли ҳам жойлаштирилган бўлиб, ҳар бир ўқувчи уни юклаб олиш имконига эга.

Темур тузуклари асарининг “Дину шариат тузуки” бўлимидан бир парча:

Ўз тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину тартиб асосида қурилмас, тўра-тузукка (бу ерда тўра – тартиб, қоида ёки қонун маъносида) боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшайдирким, кўрган ҳар кимса (ундан) нигоҳини олиб қочади. Ёхуд ҳар хил қаланғи-қасанғи одамлар тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди.

Шунинг учун ҳам мен салтанатим биносини Ислом дини, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим. Салтанатни бошқаришимда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра ва тузук асосида адо этдим. Дилимнинг машриқидан кўтарилган биринчи тузук шундан иборат бўлдики, Ислом динини ёйиб, Муҳаммад, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, шариатини қувватладим. Жаҳоннинг турли мамлакатлари, катта-кичик шаҳарларида Ислом динини ва одамларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад пайғамбар алайҳиссалом)нинг тўғри йўлларини тарғиб этдим. Ўз салтанатимни шариат билан безадим.

Ушбу веб-сайт билан қуйидаги манзилда батафсил танишингиз мумкин: www.temurtuzuklari.uz

"WWW.MUSLIM.UZ" дан


Киритилган вақти: 12/10/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 1330
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/news/temur-tuzuklari-veb-sayti
Чоп этилган вақт: 19/11/2019 04:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг