Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ТАЙЛОҚ ТУМАНИДА ЯНГИ МАСЖИД ҚУРИЛИШИ БОШЛАНДИ

 
 

Масжидлар барпо этиш, обод қилиш ҳамда уларни таъмирлаш улуғ савобли амаллардир. Кўплаб масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. 

Халқимиз бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар ва бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижасидир.

         Самарқанд вилоятида 285 та масжид фаолият олиб бормоқда. Тайлоқ туманидаги “Абдураҳмон ад-Доримий” жоме масжиди 1996 йилдан буён фаол юритиб келмоқда. Ушбу масжиднинг замонавий шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ келадиган янги биносини қуриш учун лойиҳа тайёрланди. Лойиҳада масжид биноси ҳашаматли, намозхонлар учун жуда қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Янги барпо этиладиган масжид биносининг хонақо қисмида бир вақтнинг ўзида 600 нафар намозхон ибодат қилиш имконига эга бўлади. Шунингдек, масжид ёнида кўп ўринли, замонавий таҳоратхона, хизмат хоналари бунёд этилади.

         Бугун, 17 август куни “Абдураҳмон ад-Доримий” жоме масжидининг янги биносини қуриш учун илк ишлар амалга оширилди. Ушбу тадбирда Тайлоқ туман ҳокими Б.Бобоназаров, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакили ўринбосари Х.Саттаров, Тайлоқ туман бош имом хатиби Б.Исмоилов, нуроний отахонлар, маҳалла фаолларари ва масжид жамоаси иштирок этди. Йиғилганлар хайрли дуо, эзгу ниятлар билан табаррукона бино пойдеворига режа тортдилар. Масжид тез орада қад кўтариб, ҳудуд аҳолисининг диний-маърифий билимлари, ахлоқи, ибодатлари учун мунаввар маскан бўлиб хизмат қилишини тилаб дуои хайрлар қилинди.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 17/08/2019 15:19;   Кўрилганлиги: 1221
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/tayloq-tumanida-yangi-masjid-qurilishi-boshlandi
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 07:21
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг