Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Сув улашиш – садақанинг афзали

 
 

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг оналари вафот қилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Онам вафот қилди, унинг номидан садақа қилсам бўладими?" деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳа", дедилар. У: "Садақанинг қайси бири афзал?" деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сув улашиш”, деб айтдилар (Имом Аҳмад ва Насаий ривояти).

Ургут тумани Андак маҳалласи тоғли ҳудудда жойлашган. Аҳолига Чорчинор чашмасининг суви қувурлар орқали етказиб берилади. Кун мобайнида 2-3 соат давомида сув билан таъминланган аҳоли бошқа вақтларда йиғиб қўйган сувларидан истеъмол қилишади. Маҳаллада жойлашган  “Эрназар Ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби ва жамоаси масжид ҳудудида махсус сув ҳавзаси барпо қилганлар. Масжид ва аҳоли учун сув таъминоти вазифасини бажараётган ҳавза махсус материалдан тайёрланган бўлиб, у сувнинг ифлосланишини олдини олади. Қишлоқ аҳли ҳам бу сувдан ўз эҳтиёжлари учун бемалол фойдаланишлари мумкин.

Дарҳақиқат, сув улашиш энг катта савоби улуғ амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ворид бўлган.

“Қайси бир мусулмон сувсиз, чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни раҳийқи махтумдан сероб қилур”

“Қайси бир киши қудуқ ковласа ва ундан чанқаган инсу жин, паррандлар сув ичса, Аллоҳ таоло уни қиёматда савоб билан мукофатлайди”.

Ургут туманидаги “Эрназар Ҳожи” жоме масжиди ҳам кўркам, обод ибодат маскани ҳисобланади. Унинг ҳовлисига кирсангиз атроф озода, ҳовлида боғ яратилган. Масжидда намозхонлар учун барча шароитлар муҳаё қилинган. Таҳоратхона ҳам замонавий ускунлар билан жиҳозланган бўлиб, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган. Бир сўз билан айтганда марказдан узоқда жойлашган масжидда ҳар томонлама ўрнак олса арзийдиган ишлар амалга оширилган. Аллоҳнинг байтини обод этиш учун сайъ ҳаракатда бўлганларга улкан ажру мукофотлар насиб қилсин!  

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати


Киритилган вақти: 09/03/2020 12:50;   Кўрилганлиги: 1158
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/suv-ulashish-sadaqaning-afzali
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 14:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг