Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Самарқандликлар Умра зиёратига жўнаб кетди

 
 

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, Юртимизда умра ибодатига кенг йўл очилиб, Аллоҳнинг байтини тавоф қилувчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Умра ибодатининг ўзига хос бир қанча фазилатлари бор. Ўшалардан бири гуноҳларнинг ўчирилишидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам шундай деганлар:

“Бир умра кейинги умрагача бўлган оралиқдаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир! (Имом Бухорий ривояти).

Умранинг яна бир фазилати шуки, зиёратчилар Аллоҳнинг меҳмонлари ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

“Аллоҳнинг йўлида душманга қарши қурол олганлар, ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир. Уларни Аллоҳ чақирган, улар “лаббай” деб борганлар. Улар Аллоҳдан ҳожатини сўраган, Аллоҳ эса ато этган. (Ибн Можа ривояти).

2019-2020 йил Умра мавсумнинг дастлабки Самарқандлик зиёратчилар гуруҳи бугун, 20 ноябрь куни Самарқанд шаҳридан Тошкент шаҳрига йўл олдилар. 3 та гуруҳдан иборат 138 нафар зиёратчиларни Самарқанд вилоят вакиллигида кузатиш маросими бўлиб ўтди. Вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов умра амаллари, сафар одоблари ҳақида яна бир бор тушунча бериб, зиёратларини Аллоҳ қабул қилиши, соғ-саломат бориб, қайтишларини тилаб дуо қилди.

Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимиз бугунни ўзидаёқ Тошкент-Жидда йўналиши бўйича парвоз қиладилар. Уларнинг дастлабки манзиллари Мадина шаҳри бўлади. Уч кундан сўнг эса Маккаи мукарамага йўл оладилар. Биз зиёратчиларимизнинг сафарларини имкон даражасида ўз сайтмиз орқали ёритиб боришга ҳаракат қиламиз, бизни кузатиб боринг.

   Аллоҳ таоло барчамизни Байтуллоҳни қайта-қайта тавоф қилиш бахтига муяссар этсин ва Ўзининг байтини тавоф этувчи бандаларининг ибодат ва зиёратларини ижобат қилсин!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакилиги


Киритилган вақти: 20/11/2019 11:37;   Кўрилганлиги: 1453
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/samarqandliklar-umra-ziyoratiga-jonab-ketdi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 21:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг