Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Ўзбекистон Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишда намунали давлатлар қаторида

 
 

Ватанимиз мустақилликка эришганидан кейин юртимизда барча соҳаларда тубдан ислоҳотлар олиб борилди. Бошқа соҳалар каби диний соҳага ҳам катта эътибор қаратилди. Қадамжолар тикланди, қайта таъмирдан чиқарилди, янги масжидлар барпо этилди, диний ўқув юртлари қайта таъмирланди. Бу ҳаракатлар тўхтамай изчиллик билан давом этмоқда.

Истиқлол шарофати ила давлатимиз томонидан ислом динига мансуб фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш ишларига ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, 2006 йил август ойида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Фармонига мувофиқ “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши” тузилгани, ҳар йили муқаддас ҳаж ва умра сафарига бораётган зиёратчиларимизга сафар билан боғлиқ виза ҳужжатлари, авиачипталарни расмийлаштириш, Саудия Арабистонидаги шароитлар, меҳмонхона ва бошқа масалаларда мутасадди ташкилотлар билан уюшқоқликда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, яна бир катта ўзгаришлардан бири, ота-боболаримиз, она-момоларимиз орзу қилиб келган ҳаж ва умра зиёратларини амалга ошириш учун фуқароларимизнинг Саудия Арабистони Подшоҳлигига бориб келишлари, эмин эркин ибодатларини амалга оширишларига кенг йўл очилди. Тарихдан маълумки, бутун Иттифоқ бўйича 25 киши, Ўзбекистондан эса 3 ёки 5 киши борган бўлса, сўнги йилларда Ҳаж зиёратига 5200, умра ибодатига эса 6000 дан зиёд зиёратчи борар эди. Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан 2017 йилдан ҳаж зиёратига борувчи зиёратчиларларнинг сони 2000 нафарга оширилиб, жами 7200 нафарни ташкил қилди. Ўзбекистонлик зиёратчиларининг яшашлари учун Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида қулай шарт-шароитларга эга меҳмонхоналар ижарага олинган. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилидан бугунги кунига қадар жами 100 000 дан зиёд фуқароларимиз ҳаж, 90 000 га яқин фуқароларимиз эса умра сафарига боришга муваффақ бўлдилар.

Ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш даражаси йилдан йилга кўтарилиб, тажрибаси ошиб бормоқда. Юртимиз зиёратчиларига кўрсатилаётган хизматлар даражаси ҳам юксалмоқда, бунга ўтган йилда яратилган шароитлар мисолига Мадина ва Макка шаҳраларидаги 4 юлдузли меҳмонхона, ҳар бир хонаси қулай мебель, совутгич, телевизорлар билан жиҳозланган. Илғор тажрибасининг анъанаси сифатида шифокорлар гуруҳи навбатчилик асосида зиёратчиларимизга 24 соат давомида меҳмонхонанинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқдалар. Бунинг учун меҳмонхонанинг алоҳида жойда мини тиббий шифохона ташкил этилади.
Зиёратчиларимизга иссиқ овқат ҳамда иссиқ ва салқин ичимликлар тақдим этиш учун ҳам меҳмонхонада алоҳида ошхона ҳам ташил этилади. Сафар давомида ҳожи ва умрачиларимиз саломатлиги, кайфиятларини назарда тутиб ўзбекистонлик ошпазлар гуруҳи миллий таомларни тайёрлаш мақсадида сафарбар этилади.

Шунингдек, ҳар йил зиёратчиларимиз истаган пайтда Ҳарам масжидига бориш-келишлари учун замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилади.

Бу йилги умранинг баҳор мавсумида юртдошларимиз Мадина шаҳрида “Мавадда Нур” меҳмонхонасига жойлашяптилар. Меҳмонхона ва масжид оралиғи 100-150 метр масофани ташкил этади. Меҳмонхонада зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, улар 2, 3 ва 4 ўринли хоналарда истиқомат қилмоқдалар. Зиёратчиларимизга 2016-2017 йилларда ишлаб чиқарилган замонавий автобуслар хизмат кўрсатмоқда. Бу автобуслар зиёратчиларимизни Жидда аэропортидан Мадина шаҳрига, Мадинадан Макка шаҳрига элтиб қўймоқда. Улардаги яратилган шарт-шароитлар хусусан йўловчиларнинг қулайлигини кўзлаган замонавий автоматлаштирилган ўриндиқлар билан биргаликда алоҳида мўлжалланган ҳаво совутгичлар билан таъминланган автобуслар ёшу-қарилар учун манзур бўлмоқда.

Зиёратчилар билан Саудия Арабистонидаги меҳмонхоналарнинг ички тартиблари ва зиёрат одоблари, йўл ҳаракати қоидалари, Ўзбекистон ҳаво йўлларининг юк масаласидаги йўриқномалари ва бошқа ташкилий масалалар бўйича гуруҳ раҳбарлари ва ишчи гуруҳи иштирокида ҳар куни йиғилиш ўтказилиб, мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Маккаи мукаррама шаҳрида зиёратчилар учун 5 бурждан иборат бўлган “Аброж Кисва” меҳмонхонаси хизмат қилмоқда. Меҳмонхона 4 юлдузли бўлиб, Ҳарамдан 600 метр узоқликда жойлашган. Меҳмонхона фақат ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизмат қилмоқда.
Меҳмонхонанинг ошхонаси бир вақтнинг ўзида икки минг киши овқатланиш имконини беради. Зиёратчиларимиз учун 1000 кишига мўлжалланган ошхона, эркаклар учун алоҳида ва аёллар учун алоҳида масжидлар ташкил этилган.

Зиёратчиларимизнинг саломатлигини назорат қилиш, уларга зарур пайтда тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида анъанага кўра меҳмонхонанинг ўзида тиббий пункт кечаю кундуз хизмат қилиб келмоқда. Зиёратчиларга қулайликлар яратиш, уларнинг шарт-шароитларидан доимий равишда хабар олиш ва беминнат хизмат кўрсатиш мақсадида Ишчи гуруҳи штаби ҳам ташкил этилган. Хоналар шинам 3 ва 4 кишига мўлжалланган.
Ҳар йили Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ҳаж делегация таркибида Саудия Арабистонига ташрифи чоғида ўзбекистонлик зиёратчилар тартиб билан келиб кетаётгани САП Ҳаж вазирлиги томонидан бир неча бор эътироф этилиб келмоқда. Ҳар йили ўзбекистонлик Ишчи гуруҳи Ҳаж вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланганини ҳамда “Ҳаж-2016” ишчи гуруҳини энг яхши ишчи гуруҳи деб эътироф этилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли.

Бугунги кунда САПда ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 1380 нафари Мадина ва Макка шаҳарларида эмин-эркин ибодатларини амалга ошириб турибдилар.

Манба: “www.religions.uz


Киритилган вақти: 18/03/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2357
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ozbekiston-haj-va-umra-tadbirlarini-tashkil-etishda-namunali-davlatlar-qatorida
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 20:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг