Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Меҳрга ташна қалбга бир ширин сўз ҳам азиз

 
 

Маълумки, динимиз Ислом раҳмат динидир. У меҳр-мурувватга, эзгуликка чорлайди, раҳмдилликни тараннум этади. Кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳмли, марҳаматли бўлишга тарғиб этилган. Агар ушбу диннинг жонли тимсоли бўлмиш пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг сийратларига, юриш-туришларига ибрат назари билан қарайдиган бўлсак, қилган ишлари ва айтган сўзлари устида тафаккур юритсак, раҳмат бу диннинг моҳияти эканлигига амин бўламиз. Аллоҳ таоло ушбу динни инсониятга олиб келган зот ҳақида бежиз: “Батаҳқиқ, Биз Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз!” (Анбиё: 107) дея марҳамат қилмаган.

Динимиз кўрсатмалари, миллий қадриятларимиз ва ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибор сабаб юртимиздаги жисмоний имкониятлари чекланган, ўзгалар ёрдамига муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама кўмак берилиб, мурувват кўрсатилмоқда. Ана шундай хайрия тадбири “3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Ургут тумани бош имом-хатиби Шоди домла Ҳақбердиев бошчилигида туманда жойлашган "Мурувват"  ногиронлар учун интернат уйида ўтказилди. “Мурувват уйи”да 450 нафар I ва II  гуруҳ ногиронлари истиқомат қилади. Тадбир ташкилотчилари улар билан дилдан суҳбат қурдилар. Шундан сўнг умумий қиймати ўн олти миллион сўмлик 1126 дона қишги кийим-кечаклар тарқатилди ҳамда “Мурувват уйи” уйида истиқомат қилувчиларга байрам дастурхони ёзилди.

Кўрсатилган эътибор ва меҳрдан бу жойда истиқомат қилувчилар шодланишди. “Мурувват уйи”да хизмат қилаётган барча ходимлар Шоди домла ва мурувватли инсонлардан мамнун бўлиб, ўз миннатдочиликларини билдирдилар.

 Юқорида зикр қилинган ояти каримдаги “Раҳмат” сўзи меҳр-шафқат, марҳамат, мурувват маъноларига далолат қилади. Мазкур“раҳмат” ҳаётнинг ҳамма жабҳаларию барча ноҳияларини қамраб олади. Раҳмат қирраларининг энг буюкларидан бири эса динимизнинг заиф-бечоралар, бемору хасталарга кўрсатган раҳмати, меҳр-шафқатидир.

Аллоҳ азза ва жалла меҳр кўрсатганларга Ўзи раҳм қилсин!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 02/12/2019 14:52;   Кўрилганлиги: 1173
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/mehrga-tashna-qalbga-bir-shirin-soz-ham-aziz
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 22:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг