Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Масжид Аллоҳга энг маҳбуб макондир

 
 

Аллоҳ таоло муборак каломида марҳамат қилиб: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!” деган (Жин сураси, 18-оят). Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда ўша масжидларни яхшилаб қуриб, таъмир этиб, пок сақлаб, муҳофаза қилиш билан бўлади. Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 285 та масжид фаолият юритмоқда. Масжидларнинг аксариятида қайта қуриш таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва ҳозир ҳам кўплаб масжидларда намозхонлар учун яхши шароитлар яратиш, зиёрат туризми йўналиши бўйича қулайликлар ҳозирлаш бўйича бир қанча ишлар йўлга қўйилмоқда.

Самарқанд-Тошкент М39 автомагистралида жойлашган Булунғур туман “Амир Ҳамза” жоме масжидида сўнги вақтларда бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди. Самарқанд вилоятида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу масжидга ташриф буюрдилар. Масжиднинг ҳолати, иш фаолияти билан танишган муфтий ҳазратлари масжид имом-хатиби ва ходимларига намозхон ва йўловчи ҳамда сайёҳларга масжидда ибодат ва таҳорат қилишлари учун қулай шароитлар ҳозирлаш, бу масканга ташриф буюрган ҳар бир киши ўзига маънавий озуқа олиши, масжид ҳар доим маърифат, мўмин-мусулмонлар аҳиллигини зиёда қилувчи маскан эканлигига асосланган ҳолда иш олиб бориш лозимлиги ҳақида гапириб ўтдилар.    

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати


Киритилган вақти: 04/03/2020 17:12;   Кўрилганлиги: 1078
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/masjid-allohga-eng-mahbub-makondir
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 19:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг