Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ИМОМ ХАТИБЛАРНИНГ ЎҚУВ СЕМИНАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан вилоятда фаолият олиб бораётган имом хатиб ва имом ноибларининг фидоийлиги, фуқаролик масъулияти ва вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган тадбирларга нисбатан фаоллигини ошириш, уларни мазкур йўналишда лозим бўлган кўникма ва тажрибаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар машғулотлари ташкил этилди. 22-апрель куни бўлиб ўтган машғулот дарслари вилоятнинг бешта ҳудудида: Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Пастдарғом, Пайариқ ва Ургут туманларида олиб борилди. Вилоят имом хатиблари беш гуруҳга бўлинган ҳолда, ўзларига яқин ҳудудда семинар машғулотларига иштирок этдилар.

Семинарда Ўзбекистонда Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти ва аҳамияти, имомларнинг йўлдан адашган, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш, жиноят содир этишга моил, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлган ва бошқа ижтимоий хавфли гуруҳга кирувчи фуқаролар билан якка тартибдаги суҳбатларни амалга ошириш жараёнида ўз суҳбатдошларига ижобий ва самарали таъсир кўрсатиш йўллари ва усуллари ҳамда суҳбатлар ўтказишлари учун уларга соф ислом дини манбаларига мувофиқ барча зарур маълумотларни етказиш, имомларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги фидоийлиги ва масъулиятини ошириш чоралари ва бунга нисбатан ўрнатилиши лозим бўлган назорат тизими каби бугуннинг долзарб мавзуларига қаратилган маърузалар тингловчиларга етказилди.

Маърузаларни Самарқанд вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Х.Нормуродов, СамДУ, Самарқанд давлат чет тиллар институти профессар-ўқитувчилари, “Зарафшон”, “Самаркандский вестик” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, Х.Олимжон мусиқали ва драма театри раҳбари Б.Шарипов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси М.Бобоёров, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи раҳбари Х.Мухаммедов, Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари, ҳудудлардаги туман бош имом хатиблари каби қатор нуфузли шахслар, фан арбоблари олиб бордилар.

Шунингдек, вилоят масжидларида фаолият кўрсатаётган мутаваллилар ҳам машғулотларга жалб этилди. Уларга махсус мутахассислар томонидан молиявий тушумларни қонунчиликда белгиланган тарзда амалга ошириш ҳамда банк молиявий фаолияти бўйича зарур тушунчалар берилди.

Машғулотлар юқори савияда ташкил этилди. Маърузачилар жонли, таъсирли, ҳаётий мисоллар билан йўғрилган нутқи давомида имом-хатибларга керакли билим ва кўникмаларни тақдим этдилар.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 24/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1374
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/news/imom-xatiblarning-oquv-seminari-bolib-otdi
Чоп этилган вақт: 18/11/2019 01:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг