Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Ҳожилар ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш ишларига кўмаклашмоқдалар

 
 

“Ҳажга борган ўзбекистонликдан маданият

ва илмнинг ҳиди келиши керак”.

Шавкат Мирзиёев

Ҳожи ота, сафарга кетишни мўлжаллаб тургандим, оқ йўл сўраб дуо қилиб берсангиз. Ҳожи ота, Худо хоҳласа тўй бошлаб қўйдик, бу ёғига ўзингиз бош-қош бўласиз. Ҳожи ота, ўғлим ўқишга кириш учун имтиҳон топширишга кетди, ҳаққига дуо қилинг. Ҳожи ота, фарзандимга бироз беморлик етиб қолди, дуо қилинг, Аллоҳим шифо берсин. Бугун фарзандли бўлдим, ҳожи ота. Сиздай пири бадавлат бўлсин...

Дарҳақиқат, юқоридаги каби келтирилган жумлалар кунда, кунора қулоғимизга чалиниб туради. Баъзан уларнинг сўзловчиси ўзимиз бўламиз. Бу бежизга эмас, албатта. Халқимиз азал-азалдан ҳожи ота ва ҳожи оналарни ардоқлаб, улардаги покиза руҳдан насибадор бўлишга интилиши оқибатида ушбудек муносабатлар юзага келган. Зеро ҳадиси шарифда “Ким Аллоҳ учун ҳаж ибодатини ножўя сўз сўзламай, фисқу-фужур қилмай адо этса, онасидан туғилган кунидагидек (гуноҳлардан покланиб) қайтади”,- дейилган.

Шу биноан ҳозирда ҳожиларимиз маҳаллаларда аҳоли маърифатини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларига жалб қилинмоқдалар.

Ҳожиларимиз махсус ҳисобдан чиқарилган фуқаролар, жазони ўташ мауассасаларидагиларнинг оила аъзолари, ижтимоий оғир ҳолдаги оилаларга ташриф буюриб, уларга маънавий-руҳий кўмак бериш, муаммоларини бартараф этишга ёрдамлашиш, ижтимоийлашувларига кўмаклашиш каби ишларни амалга оширмоқдалар.

Шу кеча-кундузда ҳожилар билан амалга оширилиши лозим бўлган ишларни самарали ташкил этишга доир учрашувлар бўлиб ўтмоқда. 2 октябрдан бошланган тадбирлар тасмаси ой охирага қадар давом этади.

Ҳозирга қадар Жомбой, Булунғур, Оқдарё ва Иштихон туманларида мазкур тадбирлар бўлиб ўтди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 06/10/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1503
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/hojilar-ijtimoiy-manaviy-muhit-barqarorligini-saqlash-ishlariga-komaklashmoqdalar
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 22:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг