Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Эзгуликларга чўмган кун

 
 

Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрами. Бу икки сана ўзининг замирида эзгулик, яхшиликларга чорлаш, жамият орасига аҳиллик, бирдамлик киритиш каби маъноларни қамрайди.

Жорий йилда қўшалоқ байрам - Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрамининг бир кунга тўғри келиши саховатпеша инсонлар қалбини яхшиликларга янада мойил қилиб юборган бўлса ажаб эмас.

Вилоят бош имом хатибининг ўринбосари ҳамда Самарқанд шаҳар “Хўжа Исҳоқи Вали” жоме масжиди имом хатиби Ё.Мансуров томонидан 1 сентябр куни ҳомийларни жалб қилган ҳолда масжид атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва мактаб ўқувчиларига қатор моддий кўмаклар кўрсатилди. Ушбу тадбирда вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов ҳам иштирок этди.

3 нафар ногиронга ногиронлик аравачаси, 3 нафар мактаб ўқувчисига ўқув қуроллари, шунингдек кам таъминланган оилаларга 2 дона холодилник, 2 дона телевизор ва 1 дона гилам ҳадя этилди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га ҳамоҳанг тарзда амалга оширилган ушбу тадбирда иштирок этган вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов масжид имом хатибига ва барча ҳомийларга миннатдорчилик билдириб, бу ишлар бесамар қолмаслигини, қилинган эҳсонлар баракотидан кўплаб яхшиликлар келишини, кимнидир хурсанд қилиш Аллоҳнинг наздидаги энг сукли ишлардан эканини айтиб, ҳадиси шарифда ҳам: “"Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишдир" (Имом Табароний ривояти)”, дейилган дея таъкидлади.

Албатта имконияти борнинг муҳтожга ёрдам бериши, кўмакка эҳтиёжи борларнинг билагидан тутиш ислом шиорларидан бўлиб, жамият бирдамлигини мустаҳкамлайди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 01/09/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2414
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/ezguliklarga-chomgan-kun
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 15:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг