Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Дунё уламолари мурожаати номли китоб ҳақида маълумот

 
 

Маълумки, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларида, хусусан, Яқин Шарқ минтақасида фаолият юритаётган террорчи ташкилотлар ўз сафини янги аъзолар билан тўлдириш мақсадида ислом таълимотини бузиб талқин қилмоқдалар. Хусусан, Ироқ ва Суриядаги ерларни ноқонуний эгаллаб, ўзини «Исломий давлат» деб номлаган террорчи ташкилот ғоявий тарғиботида ислом динининг муқаддас манбалари Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ғаразли мақсадлар йўлида кенг фойдаланилаётгани кузатилмоқда. Терроризмни ўрганиш бўйича нуфузли илмий муассасалар ва етакчи олимларнинг берган хулосаларига кўра, радикал ғояларнинг аҳоли, айниқса, ёшлар онгига салбий таъсирининг олдини олишда ислом уламоларининг терроризм ва экстремизни қораловчи фатволари ва маърузалари катта аҳамиятга эга.

Ана шу мақсадда дунёнинг бугунги кундаги эътироф этилган забардаст уламолари томонидан ислом динининг мусаффолигини сақлаш, Яқин Шарқ минтақасида фаолият олиб бораётган террорчи ташкилотларнинг исломга мутлақо алоқаси йўқлигини тушунтиришга бағишланган фатволари, маърузалари жамланди ва «Дунё уламолари мурожаати» номли китоби нашр этилди. Ислом оламининг энг йирик намояндалари бўлмиш мазкур уламолар диний экстремизм, терроризм ва радикализмни буткул қоралайдилар, мусулмонларни оқибати оғир бўлган бундай ҳаракатлардан, гарчи улар ислом номи билан аталаётган бўлсада, огоҳ бўлишга чақирадилар. Шунингдек, китобда мусулмон киши тўғри йўлдан адашмаслиги, бузғунчи кучларнинг пуч ғояларига алданмаслиги учун зарур бўлган тавсиялар келтирилган. Баъзи ёшларнинг Интернет тармоғида ташкил этилган радикал ғоявий тарғибот таъсирига тушиб қолаётганини эътиборга олиб, уламолар томонидан берилган замонавий медиа воситалардан фойдаланиш одоблари баён этилган.

Мазкур китоб қуйидаги хусусиятлари билан муҳим аҳамият касб этади:
- террорчилар томонидан мусулмон кишини кофирликда айблаш, улар яшайдиган ҳудудларга қуролли ҳужум уюштириш, мусулмонларни ўз юртини тарк этиб, террорчилар сафига қўшилишга чақирувчи тарғиботи ислом манбаларига зид экани оят ва ҳадислар асосида фош этилган;
- террорчиларнинг фаолияти муайян сиёсий мақсадларга йўналтирилгани, ушбу жараёнда диндан одамлар онгига кучли психологик таъсир ўтказиш, уларни жангари фаолиятга ундаш, мусулмонлар орасида адоват қўзғаш, ўзаро душманга айлантириш мақсадида унумли истефода этилаётгани очиб берилган;
- номлари келтирилган шахслар ислом оламидаги энг нуфузли, барча томонидан эътироф этиладиган ва катта таъсир кучига эга уламолардир. Уларнинг барчаси аҳли сунна вал жамоа йўналишига мансуб. Шунингдек, китобда юртимиз уламоларининг мавзуга алоқадор маърузаларидан намуналар келтирилган.

Китобдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансуров, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Таййиб, Миср диёри муфтийси Шавқий Аллом, Жаҳон мусулмон уламолари кенгаши Бош котиби Али Муҳйиддин Қорадоғий, йирик ислом уламолари Рамазон Бутий, Абдуллоҳ ибн Байя, Али Жумъа, Муҳаммад Ал-Азҳарий, Аҳмад Муҳаммад Халил каби шахсларнинг маъруза ва фатволари ўрин олган.

Ўйлаймизки, ушбу китоб оқни қорадан, ҳақиқатни ботилдан ажратишда, исломнинг мўътадил ва муқаддас таълимотини тўғри англашда барча китобхонларимиз учун катта манфаат етказади.

манба: muslim.uz


Киритилган вақти: 24/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2699
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/press/news/dunyo-ulamolari-murojaati-nomli-kitob-haqida-malumot
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 11:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг