Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Букулмас ирода, бемисл ғайрат-шижоат,теран фикр ва қатъиятли сўз - комил ишонч асоси

 
 

Мустақил Ўзбекистоннинг қудрати юксаклиги, бугуни мустаҳкам асос узра барпо бўлгани, келажаги мақсадли режаларга таянилиб амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти тимсолида шу юртнинг ҳар бир фуқароси ва бутун дунё аҳли томонидан комил ишонч билан таъкидланмоқда. Олий минбарда қилинган нутқ маъруза соҳиби мисолида халқимизнинг букулмас ирода, бемисл ғайрат-шижоат, бағрикенглик, инсонпарварлик каби юксак сифатлар соҳиби эканини кенг жамоатчиликка яна бир бор эслатиб қўйди.

Олий минбардаги тарихий сўзлар халқимиз учун дастуруламал, уни ҳаётга тадбиқ этишга эса ҳар бир фуқаро масъул ва юртимиз бўйлаб қадамба-қадам бунинг ижроси амалий ифода топмоқда.

2017 йил 14 октябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигида жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қилган нутқи ҳамда АҚШга қилган тарихий ташрифи якунларига ҳамда 11 октябр куни Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида қилган маърузасига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда вилоят ҳокимлигидан вакиллар, жамоат ва фан арбоблари, ЎМИ вилоят вакиллиги раҳбарияти ва ходимлари, имом хатиблар иштирок этдилар.

Анжуманда Президентимиз нутқи видеотасвир кўринишида йиғилганларга намойиш қилинди. Сўнг муърузачилар томонидан билдирилган шунга доир фикр-мулоҳазалар тингланди.

Маърузада аксини топган Ўзбекистоннинг мақсад вазифалари, келажакда амалга ошириладиган ишлар, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги муаммолар ва уларнинг ҳал этилиши бўйича аниқ фикр ва таклифлар мазмун моҳиятини теран англаш, бу борада амалий табдиқотга киришиш бўйича фикрлар алмашилди.

Тадбирда Президентнинг дунё бўйлаб жамият манфаатлари ортга сурулиб, кўпроқ шахсий мақсадлар сари ҳаракат қилиш авжига чиққан вақтда «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» дея, бугунги куннинг кўплаб муаммолари ечими қайси тарафда эканига ишора қилгани ва инсон манфаатларининг Ўзбекистондаги кафолатлари хусусида жонли мисоллар асосида маърузалар қилинди.

Ёшларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозимлиги бўйича билдирилган фикрлар асосида режалар тузиш, мақсадли, аниқ ишларни амалга ошириш бўйича мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйишга доир таклифлар берилди.

Ислом дини тинчлик дини экани, унга хунрезликларнинг асоси, экстремизмнинг омили сифатида қарашни тўхтатишга чақириқ сифатида янграган ушбу: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, деган сўзлари барчамизни динимизга нисбатан салбий муносабат юритаётганларга исломнинг асл моҳиятини теран англатишга чорлаётгани ва бу борада қандай йўл тутиш лозимлиги бўйича кўрсатмалар айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасидан англандики, юртимиз бугун ривожланишнинг янги босқичига чиққан. Ёшларнинг онги, маърифатини, салоҳиятини ўстириш ишларини муқаддас ислом дининг эзгу ғоялари асосида олиб бориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бу юртнинг ривожланишидаги асосий тутган йўли ва ўз навбатида ўта натижа берадиган танловдир.

Йиғилишда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши бўйича алоҳида қисм ажратилди. Унда марказнинг мазмун моҳияти, вилоятимиз ёшларининг тарбиясидаги тутган ўрни бўйича атрофлича муҳокамалар юритилди.

Шунингдек, тадбир давомида 2017 йил 11 октябр куни Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида президент Шавкат Мирзиёев томонидан қилинган нутқ видеотасвири ҳам қўйиб эшиттирилди ва мазмун-моҳияти бўйича фикр алмашилди.

Унда Президентимиз томонидан билдирилган фикрлар, МДҲда Ўзбекистон иштирокининг устувор йўналишлари бўйича қайд этилган рақамлар маърузачилар томонидан шарҳланиб, мазмуни кенг ёритилди.

Муҳокамага чиққанлар томонидан ҳам “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” шиори тўғрисида сўз юритилиб, агар одамлар ёшлигидан илм ўрганса, оқ-қорани таниб вояга етса, ҳар бир инсон ўзининг фикрида собит тура оладиган шахс сифатида шаклланса, бундай жамиятда нафақат террорчилик, балки бошқа муаммолар ҳам ўз-ўзидан барҳам топиб кетиши ҳақида фикрлар билдирилди.

Анжуман сўнгида юртимизга тинчлик, юртбошимизга омонлик, юртдошларимизга фаровонлик, ёшларимизга илму ирфон сўраб дуога қўл очилди.

Зайниддин Эшонқулов

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакили


Киритилган вақти: 14/10/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1288
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/news/bukulmas-iroda-bemisl-gayrat-shijoatteran-fikr-va-qatiyatli-soz---komil-ishonch-asosi
Чоп этилган вақт: 22/11/2019 06:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг