Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Кўнгилларни обод этиб...

 
 

Рамазон ойида бошқа ойлардагига нисбатан саховатга алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Сабаби бу ойда қилинган амалга жуда кўп мукофот берилади. Аллоҳ Ўзининг йўлида қилинган садақа ва инфоқни етти юз баробаргача кўпайтирилишини Каломида баён қилган. Рамазон ойида эса бу миқдор янада оширилиши шубҳасиз. Саховат кўрсатаётган кишининг ихлоси ва қалбидаги эзгу нияти олинажак ажрни янада зиёда қилади.

Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган имом хатиблар муборак Рамазон ойи давомида саховат тадбирлари ўтказиш бўйича хайрли ишларни амалга ошириб келмоқдалар. Шундай тадбирларнинг навбатдагисида Самарқанд шаҳар “Панжоб” жоме масжиди имом хатиби Б. Ризаев ташаббуси ва саховатпеша инсонларнинг кўмаги билан Самарқанд шаҳридаги 10-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига эҳсон дастурхони ёзилди. Бу масканда 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 140 нафарга яқин ёшлар тарбияланади. Улар билан эҳсон давомида одаб-ахлоқ, ёши улуғларга ҳурмат, имон-эътиқод, она Ватанга муҳаббат ва садоқат дилдан суҳбат қилинди.

Давлатимиз томонидан уларнинг турмуш тарзи, таълим олиши, тиббий хизматдан фойдаланиши ва ижтимоий мослашуви, қўйингки, ҳеч нимадан зориқмай улғайиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ёрдамга, меҳрга муҳтож инсонларга ҳар томонлама кўмак бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш меҳр-мурувватли, саховатли халқимизга хос эзгу фазилат. Бугун мамлакатимизда ҳар бир инсон ҳукуматнинг, саховатли элнинг ғамхўрлигидан баҳраманд бўлаётир.

Тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурган бу диёрда фаровон ҳаёт кечириб, Аллоҳнинг амрларини бажариш орқали У Зотнинг розилигига эришиш улуғ бахтдир. Бу бахт ҳар биримизга насиб этсин!

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 11/05/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 456
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/events/kongillarni-obod-etib
Чоп этилган вақт: 16/07/2020 07:22
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг