Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Бу кўнгил овлаш ойидир

 
 

Абу Фазл “Муснад” номли ҳадислар тўпламида Салмон розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: “Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ у (ой)нинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир...”.

Мана, ойлар султони, файз ва барака, раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазон кунлари бирин-кетин ўтиб бормоқда. Рамазон ойида баданий ибодатлар билан бир қаторда ижтимоий соҳада ҳам кўплаб эзгу амаллар бажарилади, молиявий ибодатлар амалга оширилади. Жумладан, бу ойда меҳр-мурувват, хайр-саховат ишлари янада ривож олади. Кишилар бу ойда бошқа ойлардагига қараганда саховатпешаликни кўпроқ намойиш қилиб, бева-бечоралар, мискин ва камбағаллар ҳолидан хабар олиб, жамиятнинг бу тоифасига ҳам алоҳида эътибор берилишини таъминлайдилар.

Самарқанд вилояти Жомбой туманида фаолият олиб бораётган имом хатиблар туман бош имом хатиби Н.Хидиров бошчилигида жойларда бу муқаддас ойнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этиб келмоқдалар. Саховатли инсонларни жалб этган ҳолда кам таъминланган оилаларга моддий томондан ёрдам кўрсатиб, қаровсиз қолганлар, хусусан боқувчисини йўқотган оилалар, бемор ва қариялар ҳолидан хабар олмоқдалар. Улар томонидан Рамазон ойи бошлангандан буён шу каби оилаларга жами 3500000 сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Қайси жамиятда бева-бечоралар, камбағал ва мискинлар, заиф кишилар ҳолидан хабар олинар, уларнинг моддий ва маънавий таъминоти бекаму-кўст қилинар экан, ўша жамиятнинг тинчлиги бардавом бўлади, иқтисоди ва бошқа соҳалари ривож топади.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 11/05/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 385
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/events/bu-kongil-ovlash-oyidir
Чоп этилган вақт: 16/07/2020 08:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг