Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Беморлик ҳам синовлардан биридир

 
 

Аллоҳ Таоло инсониятга беҳисоб неъматлар бериш билан биргаликда, унинг учун синовлар ҳам юборади. Гоҳида бу синовлар бойлик, мансаб каби яхшиликлар мисолида берилса, гоҳида турли офатлар ва касалликлар синов тариқасида берилади. Беморлик ҳам Аллоҳ Таолонинг синовларидан бири бўлиб, ундан мўмин киши ҳам ҳоли эмасдир. Мўмин кишига хасталик етса, бу Аллоҳ Таолонинг унга бўлган муҳаббати белгисидир. Зеро, касалликларнинг гуноҳларга каффорот бўлиши ва мўминнинг даражаси юксалишига сабаб бўлиши ҳақидаги маълумотлар улуғларимиздан марҳамат қилингандир. Муқаддас динимиз инсонларни меҳр-мурувватга, эзгуликка чорлайди, раҳмдилликни тараннум этади. Беморлар ҳолидан хабар олиш ҳам мана шундай улуғ ва савобли амаллардан ҳисобланади.

Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун рўза тутди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун касалнинг ҳолидан хабар олди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун жанозада иштирок этди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан қай бирингиз бугун мискинга таом берди”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар.

Марвон: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишида бир кунда бу хислатлар жам бўлса, у жаннатга киради”, деб айтганлари менга етиб келди, деди.

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Самарқанд вилоят болалар махсуслашган сиҳатгоҳи 3-бўлимида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олиш учун Самарқанд тумани бош имом хатиби Б.Шарипов ушбу масканда бўлди. Болалар билан яқиндан суҳбатлашиб, уларни муборак Рамазон ойи билан қутлади. Келгусида етук инсонлар бўлиб вояга етишлари, халқимиз ва динимизга манфаатли кишилардан бўлишларини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилдилар. Шундан сўнг туман бош имом хатиблиги, “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилоят филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида ушбу масканда даволанаётган болалар учун ширинликлар ва мевалар эҳсон қилинди. Неча минг йиллардан буён инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб келаётган, уларнинг билимли тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли бўлишининг омили – бу китобга дўст бўлиш ва китоб ўқишни канда қилмасликдир. Ана шу мақсадлар учун болажонларга маърифий, диний ва бадиий китоблар ҳам совға қилинди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 13/05/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 422
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/press/events/bemorlik-ham-sinovlardan-biridir
Чоп этилган вақт: 16/07/2020 08:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг